Россия Украинани Сурияга айлантиришни режалаштиргани хабар қилинди
NATO саммитида Россия президенти Владимир Путин Украинани Сурияга айлантиришни режалаштиргани хабар қилинди. Бу ҳақда «UNN» хабар берди.

Келтирилишича, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бу фикрни илгари суриб, ташкилотга аъзо давлатларни режани амалга оширмаслик учун қарши туришга чақирган.
«Европа хавфсизлиги, фаровонлигини ҳимоя қилиш мақсадида ёнма-ён турибмиз. Россия Украинани Сурияга айлантирмоқчи. Улар қўллаётган тактикалар Сурияда қўлланган усулларга жуда ўхшаш. Лекин биз Европанинг қоқ марказида янги Сурияни яратишга йўл қўймаймиз. Жанг қилишга тайёрмиз, курашни давом эттирамиз, аммо ёрдамингиз керак. Агар у мавжуд бўлмаса, ракета ва бомба ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган украиналикларнинг ҳаёти ва изтироблари учун жавобгарликни ўз зиммангизга олишингизга тўғри келади», — деган вазир ўз мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги саккиз кун ичида кўплаб давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Украинага қурол-яроғ етказишга кеч бўлмаганми, дея сўраган.
«Бу уруш шундай ривожланмоқдаки, вақт келиб, том маънода Путиннинг сизга ҳужум қилишини ва Европадаги ҳаётни даҳшатга солишини тўхтатишимиз учун бизни зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлашни хоҳлайсиз. Умид қиламанки, сизнинг кейинги ёрдамингиз кечикмай етиб келади», — дея қўшимча қилган дипломат.
Аввалроқ Россия ташқи разведка хизмати Украина ядро қуроли ишлаб чиққани ҳақида далилларга эга экани маълум бўлганди. Шунингдек, Россия Украинага асосан қаердан ҳаво ҳужумларини амалга ошираётгани кўрсатилган.


