Жамият, Жаҳон, Янгиликлар - 21:15 · 08.03.2022

Байрам оқшоми. Янги вазирликка ўринбосарлар, Ўзбекистон ва Дубайдан уй олиши тахмин қилинаётган россияликлар, Украина атрофидаги хабарлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг байрам кунида эълон қилинган муҳим ва сара хабарлари жой олган махсус «Байрам оқшоми» дайжести.

Қадрли аёллар, байрамингиз муборак! Доим шу кундагидек меҳр, эътибор ва қадрга эришиб юринг. Ҳар кунингиз байрам бўлсин, сиз билан ўтган ҳар бир сониямиз байрам бўлсин. Сизга «4 та Э» доимий шеригингиз бўлишини тилаймиз: эътибор, эътироф, эҳтиром, эъзоз. Ўзингиз истагандек бахтга эришинг!

«Табрик ўзи нега керак?!» деганларга: Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ҳатто «Толибон» табриклаганда нега биз табрикламаслигимиз керак?!

Байрам ўз йўлига, сиёсатни унутмаслик керак: Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди.

«Нуроний» жамғармаси раҳбари Содиқ Турдиев Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирига биринчи ўринбосар этиб тайинланди. Бунгача у маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари эди. Шунингдек, Абдулла Турсунов эса вазирнинг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фото: «Bugun.uz»

Озода Парпибоева Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Шунингдек, Раъно Турдибоева ҳамда Нодира Эгамбердиевалар қўмита раисининг ўринбосарлари бўлди (байрамга ажойиб совға — амал!).

Хўш, Украинада нима гап?

Украина–Россия музокараларининг учинчи босқичи бўлиб ўтди. Лекин ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ.

Фото: Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Украина ва Россия музокараларининг 7 март куни бўлиб ўтган учинчи раунди якунланди. Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подоляк мазкур музокара якунларига кўра томонлар ижобий томонга силжиш борлигини қайд этган.

«Гуманитар йўлакларнинг логистикасини яхшилашда кичик ижобий силжишлар кузатилмоқда. Ўт очишни тўхтатиш ва хавфсизлик кафолатлари билан бир қаторда келишувнинг асосий сиёсий блоки бўйича интенсив маслаҳатлашувлар давом эттирилди», — дейди Подоляк.

Россия делегацияси вакили Владимир Мединскийнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси аввалроқ келишилган масалалар бўйича катта ҳужжатлар тўплами билан келган. Бироқ Украина томони уларни имзоламаган ва ўрганиш учун ҳам олиб кетмаган.

Украинага босқин ортидан Россияга «санкциялар ёмғири» келди. Экспертлар энди россияликлар Ўзбекистон, БАА ва Туркиядан уй-жой сотиб олишини тахмин қилишмоқда.

Мутахассислар БАА, Туркия ва Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига россиялик харидорлар оқимини башорат қилмоқда. Улар учун асосий йўналишлар Дубай (БАА), Туркия ва Ўзбекистон бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Хорижий кўчмас мулк экспертларининг айтишича, чет элда мулк сотиб олмоқчи бўлган россияликлар янги бозорларга ўзларини қайта йўналтиришга мажбур бўлади. Бунга сабаб Украинадаги вазият туфайли Россияга нисбатан жорий қилинган халқаро санкциялар ҳамда бир қатор давлатлар ва Европа комиссиясининг россиялик инвесторлар учун «олтин паспортлар» олиш имкониятини чеклашга чақириқлардир.

Дубай талаб бўйича чемпион бўлиши тахмин қилинди. Шундан келиб чиқиб, колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Айтганча, Россия «чемпион» бўлди! Санксаниялар бўйича! Россия Украина билан бошланган уруш сабаб жорий этилган санкциялар сони бўйича етакчи давлатга айланди.

Фото: «Depositphotos»

Ҳозирда мамлакатдаги санкцияга тушган объектлар сони 5530 тадан кўпроқни ташкил этади. Уларнинг деярли ярми, яъни 2778 таси 22 февралдан кейин жорий этилган.

Бунгача Эрон санкциялар сони бўйича етакчи бўлган — 3616 та. Россияга қўлланилган санкцияларга Украинадаги воқеалар сабаб бўлса, мазкур мамлакатга қарши санкциялар ўн йил давомида, асосан, ядровий дастур ва терроризмни қўллаб-қувватлаш каби важлар билан жорий этилган.

Эвакуация: Украинадан Польша ҳудуди орқали 28 февралдан 8 мартга қадар 4787 нафар ўзбекистонлик ватанга эвакуация қилинди. Бу давр оралиғида жами 21 та авиарейс ташкиллаштирилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Бугун — дам олиш куни. Айнан бугун — YouTube даги расмий каналимизга юкланган интервьюни кўришнинг айни вақти. Журналистимиз Баҳодир Абдуллаев мустақил журналист Нозим Сафари билан Украинадаги уруш ҳақида суҳбат қурди. Ҳаммаси қандай бошланди, нималар бўлди, Нозим Сафари ҳужумга қандай баҳо беради — хуллас, ҳаммаси қуйидаги видеода:

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг. Яна бир бор байрам муборак!

Bugun — LIVE