Жаҳон, Янгиликлар - 9:01 · 08.03.2022

Украина–Россия музокараларининг учинчи босқичи якунланди

Украина ва Россия музокараларининг 7 март куни бўлиб ўтган учинчи раунди якунланди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мазкур музокара якунларига кўра томонлар ижобий томонга силжиш борлигини қайд этган.

«Гуманитар йўлакларнинг логистикасини яхшилашда кичик ижобий силжишлар кузатилмоқда. Ўт очишни тўхтатиш ва хавфсизлик кафолатлари билан бир қаторда келишувнинг асосий сиёсий блоки бўйича интенсив маслаҳатлашувлар давом эттирилди», — Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Россия делегацияси вакили Владимир Мединский эса музокаралардан кутилган умидлар ўзини оқламаганини, аммо улар яна давом эттирилишини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Россия делегацияси аввалроқ келишилган масалалар бўйича катта ҳужжатлар тўплами билан келган. Бироқ Украина томони уларни имзоламаган ва ўрганиш учун ҳам олиб кетмаган.

Россия делегациясининг бошқа бир аъзоси Леонид Слуцкийга кўра, музокараларнинг тўртинчи босқичи тез орада, Беларусь ҳудудида бўлиб ўтади.

Аввалроқ Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди якунлари бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, Беларусда 28 февраль куни бўлиб ўтган биринчи музокаралар натижаси эълон қилинган.

Bugun — LIVE