Жамият, Иқтисод, Янгиликлар - 21:00 · 11.03.2022

Бугун оқшоми. Қашқадарёда сўйилган эшак, сўмга нисбатан рекордни янгилаган доллар, Киев яқинидаги 64 кмлик рус колоннаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг муҳим ва сара хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Рекорд! 1 доллар ≠ 11 000 сўм. Банкларда 11 март куни тонгда бир доллар 11 010 сўмга таклиф этилди. Айни вақтда доллар турли банкларда ҳар хил нархда белгиланган. 11 минглик «довон» ҳозиргача бўлган энг юқориси ҳисобланади.

Аммо Марказий банк томонидан эълон қилинган маълумот бўйича 14 мартдан бошлаб (!) 1 доллар 10 998 сўмга тенг бўлади.

Инфографика: «Bugun.uz»

Дам олиш кунларига қилинган режаларни бекор қилинг: ўша кунлари кучли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» хизмати маълумотларига кўра, дам олиш кунлари беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Шу сабабли у кунларга белгиланган кўчадаги режаларни бекор қилиб, уйда хордиқ чиқаришни тавсия қиламиз. Бундай ҳавода кино ё сериал кўриш — энг яхши фикр, бизнингча. Сериал ҳам тавсия қилишимиз мумкин: «Слуга народa» — Украина президенти Владимир Зеленскийнинг лавозимга келишдан олдинги ижодидан.

Айтганча, яна бир тавсия: ҳаётда ҳеч қачон ҳозирги об-ҳаводек (беқарор) бўлманг. Қатъиятли бўлинг. Илк аёл миллионер айтганидек, имкониятлар пайдо бўлишини кутиб ўтирманг. Туринг ва уларни ўзингиз яратинг.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори: «Ҳокимликларда автомобил сотиб олиш, ҳокимиятни таъмирлаш ва бошқа-бошқалар кескин камайди».

Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот берди. Бурхонов унда ҳокимликларда бюджетдан орттирилган маблағлар қаерга сарфланаётгани ҳақида гапирди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимликлар бюджетдан орттирилган маблағларни қаерга йўналтиришини эълон қилиши белгилангандан кейин автомобил сотиб олиш, ҳокимиятни таъмирлаш ва бошқа-бошқалар кескин камайган. «Энди уларга йўналтириладиган сарф-ҳаражат ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганини кўришимиз мумкин» , — дейди агентлик директори.

Акмал Бурҳоновдан эътиборга лойиқ иқтибос: «Коррупциянинг энг катта душмани — бу очиқлик. Очиқламаяптими, демак, коррупциявий омил бор, қаердадир кўпроқ ойлигини яширяпти ёки жамғармадан мақсадсиз сарфлаётганини кўриш мумкин».

Президент раислигидаги видеоселектор: Шавкат Мирзиёев ўзбек пахтасига қўйилган бойкотнинг бекор бўлиши ҳақида гапирди, қатор ташкилот раҳбарларига ҳайфсан ва қатъий огоҳлантириш берилди, қишлоқ хўжалиги вазири ва унинг ўринбосари танқид остига олинди.

Давлат раҳбари раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мажлис бошида Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиётнинг устувор йўналиши импорт бўлаётган тайёр маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришдан иборат бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Буни ўйламаган, атрофдаги вазиятдан бехабар, сиёсатни тушунмайдиган ҳоким ёки тармоқ раҳбарининг ишлашга ҳаққи йўқлигини алоҳида таъкидлаган.

«Жуда катта имконият, янги бозорлар» — Президент ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилингани ҳақида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш давомида Президент «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилганига ҳам тўхталди. «Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани. Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шу боис хом ашёни олиб келиб, тайёр маҳсулот чиқарган ва уни четга сотадиган (божхона ҳудудида қайта ишловчи) корхоналарга апрелдан бошлаб қатор имтиёзлар берилишини эълон қилди. Улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Хайфсан ва қатъий огоҳлантиришлар. Фармацевтика агентлиги директори хайфсан олди, унинг иккала ўринбосарини ишдан олишга кўрсатма берилди. Дастур ижроси бўйича Фармацевтика агентлиги режани 51 фоизга бажармаган, саноат кооперацияси бўйича ишлар умуман бошланмаган.

Президент қишлоқ хўжалиги вазири ва унинг ўринбосарини танқид қилди. Уларга соҳада ўзгариш қилиш учун бир ой муддат берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Видеоселекторда бундан икки йил аввал озиқ-овқат саноати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиб, алоҳида вазир ўринбосари лавозими, махсус жамғарма ташкил этилгани, барча ваколатлар берилгани таъкидланди. Лекин қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва унинг ўринбосари Анвар Асомов масалани ичига кирмаётгани, пастга тушиб тизимда амалий натижалар қила олмаётгани танқид қилинди.

«Улар озиқ-овқат саноати бўйича бир ой муддатда ўзгариш қилмаса, уларга қатъий чоралар кўрилади», — деди давлат раҳбари. Бирорта ҳокимда ҳудудий импорт баланси, ички имкониятлар ва вилоятда ишлаб чиқарса бўладиган товарлар бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги таъкидланди. «Бу борада ҳокимлар берган режалар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Бу мутлақо етарли эмас», — деди Президент.

Йиғилишдан сўнгги хабар: саноат тармоқлари, йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳсулотбай кооперацияни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Қашқадарёдаги хонадонда эшак сўйилгани аниқланди. Яна 24 бош эшак «ўз ўлимини кутиб турган».

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги хонадонда 10 март куни эшак сўйилгани аниқланди. Туман ИИБ ходимлари томонидан Пахтазор МФЙда яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда бир бош эшакни сўйиб, гўштини суякларидан ажратиб қўйгани, ҳовлисида эса яна 24 бош эшак борлиги аниқланган.

Диққат! Қуйидаги видеода табни ҳира қилувчи кадрлар бор, юраги бўшлар ва табини нозиклар кўриши тавсия этилмайди.

Фуқаронинг яшаш хонадонидаги хўжалик хонасида бўлган 1 бош эшакнинг лаҳм гўштлари тегишли тартибда вилоят ИИБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Гўшт маҳсулотлари лабораторияда текширилганда истеъмолга яроқсиз бўлган. Шу билан бирга, у холислар иштирокида йўқ қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов мазкур воқеага атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Рус қўшинлари Киев яқинида 64 километрлик масофада колонна жойлаштирди. Уларнинг сунъий йўлдошдан олинган суратлари эълон қилинди.

Фото: Maxar

Американинг Махар компанияси рус қўшинларининг навбатдаги сунъий йўлдош тасвирларини намойиш қилди. Тасвирларда Киев яқинида 64 километрлик масофада рус колоннаси жойлашгани акс этган. Суратлар 10 март куни эрталаб соат 11:00 атрофида олинган.

Фото: Maxar

Колоннанинг баъзи техник қисмлари Киев вилояти, Бородянский тумани, Лубянка ва Озера қишлоқлари яқинидаги ўрмонда жойлашган.

Фото: Maxar

Таъкидланишича, зирҳли транспорт воситалари, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва юк машиналари колоннаси бир неча кун олдин Киевнинг шимоли-ғарбида тургани қайд этилган.

«Биз кичик давлатмиз ва урушни тўхтатиш учун етарли таъсирга эга эмасмиз». Қирғизистон президенти Россия–Украина урушига муносабат билдирди.

Фото: «Акиpress»

Садир Жапаров ҳозир дунё савдо-иқтисодий муносабатлар ва хавфсизлик масалаларида оғир аҳволда эканини айтган.

«Албатта, биз кичик давлатмиз ва урушни тўхтатиш учун етарли таъсирга эга эмасмиз. Шунинг учун холис бўлишимиз керак. Россия ва Украина атрофида давом этаётган вазиятнинг оқибатлари барча мамлакатларга салбий таъсир кўрсатганини кўряпмиз», — деган давлат раҳбари.

Жапаров сўзлари якунида яхши гапни айтган: «Бизга тинчлик керак». Бизга ҳам. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE