12:05 | 11.03.22 80

Қашқадарёдаги хонадонда эшак сўйилгани аниқланди — видео

Шунингдек, хонадонда яна 24 бош тирик эшак топилди

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги хонадонда 10 март куни эшак сўйилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Telegram

Маълум бўлишича, туман ИИБ ходимлари томонидан Пахтазор МФЙда яшовчи фуқаро Б.С.нинг хонадони кўздан кечирилган. У ерда бир бош эшакни сўйиб, гўштини суякларидан ажратиб қўйгани, ҳовлисида эса яна 24 бош эшак борлиги аниқланган.

Фуқаронинг яшаш хонадонидаги хўжалик хонасида бўлган 1 бош эшакнинг лаҳм гўштлари тегишли тартибда вилоят ИИБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Гўшт маҳсулотлари лабораторияда текширилганда истеъмолга яроқсиз бўлган. Шу билан бирга, у холислар иштирокида йўқ қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда уйида эшак сўйиб сотган эркакка суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.