Хитой армияси «Тайван мустақиллиги»га қарши кескин чоралар кўришга тайёрлигини билдирди
Хитой армияси Тайван мустақиллигига «тоқат қилмаслиги» ва бу Пекиннинг ички иши эканини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Келтирилишича, Хитой Халқ озодлик армияси ва Халқ қуролли полицияси делегацияси вакили У Цян Пекиндаги парламент сессиясида бу бўйича маълумот берган. У Хитойнинг «бир давлат — икки тизим» тамойилини эслатиб, Хитой ҳудудларни «тинч йўл билан бирлаштириш»га амал қилишда давом этишини айтган.
«Биз Тайван бўғозининг ҳар икки томонини тинч йўл билан бирлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз, бироқ Тайваннинг ‘мустақиллиги’га интилаётган ва ватанни бўлиб олишга уринаётган сепаратистик кучларга асло тоқат қилмаймиз», — деган Цян.
Шуниндгек, расмий Хитой армияси Тайван муаммоси фонида мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишга тайёрлигини қайд этиб, бошқа давлатларни вазиятга аралашмасликка чақирган.
«АҚШ ва Япония Тайван масаласида қанчалик кўп тўлқинланса, миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш учун шунчалик қаттиқроқ чоралар кўрамиз», — деган расмий.
Аввалроқ Хитой таҳдидига қарши Тайванга қайси давлат ёрдам бериши айтилганди. Шунингдек, Тайван ва Хитой ўртасида уруш хавфи кучаяётгани маълум қилинган.



