Сурхондарёда бир неча эркак ўқувчи қизнинг номусига теккани айтилган хабар бўйича жиноят иши очилди
Улар орасида 60 ёшли эркак ҳам борлиги айтилган
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир неча эркак ўқувчи қизнинг номусига теккани айтилган хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 128-1-моддасининг 1-қисми (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) билан 2021 йил 3 ноябрда жиноят иши қўзғатилган. Бу иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, у мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилган.
Аввалроқ Қашқадарёда 15 ёшли қизни 4 йигит зўрлагани, қизнинг 8 ойлик ҳомиласи борлиги айтилганди. Шунингдек, Хоразмда вояга етмаган қизнинг номусига тегилгани, тергов 6 ойдан буён тугатилмаганига изоҳ берилган.