15:31 | 16.03.22 116

Видео: Сирдарёдаги шаҳарчани сув босди

Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинмоқда

Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасини 16 март куни кузатилаётган кучли ёғингарчилик оқибатида сув босди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, хўжаликлараро коллекторнинг шаҳарча ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи меъёридан ошиб кетган. Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва 102 та аҳоли яшаш хонадонига сув кирган.

Вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида ички ишлар бўлимида тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилган. Хазина маҳалласидан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилган.

Юзага келган сув тошиш оқибатларини бартараф этиш учун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Автойўл хизмати, Сув хўжалиги вазирлиги вилоят тузилмалари куч ва воситалари жалб қилинган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказидан қутқарувчилар етиб борган. Бундан ташқари, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бахт шаҳарчасидаги бозорни сув босгани ҳақида хабар берилганди. Сирдарё вилоятида куннинг биринчи ярмида ёғиб ўтган мўл ёғинлар сув массасини оширган. Бу жойларда сув босиш ҳолатини келтириб чиқарган.