Шавкат Мирзиёев 2022 йилда тиббиёт соҳасига 24 трлн сўм ажратилишини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида 2022 йилда тиббиёт соҳасига 24 триллион сўм ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Давлат раҳбари аҳолининг сони ҳозирги вақтда 35 миллиондан ошганини таъкидлаб, фуқароларга муносиб турмуш шароити яратишни, аввало, тиббиёт соҳасида олиб бораётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтаришни тақазо этишини қайд этди. Шунингдек, бу борада ўтган даврда кўп ишлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилгани, лекин ҳали қатор муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ўз ечимини кутиб турганини айтди.
«Шу сабабли, соҳадаги вазиятни танқидий таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал қилиш вақти келди, деб ўйлайман. Ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағ жалб қилинди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Президент сўнгги 5 йилда янги 200 турдаги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республика шифохоналарида йўлга қўйилгани ҳақида гапирди. Хусусан, пойтахт ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин фуқароларнинг ҳаёти сақлаб қолингани маълум қилинди.