Ўзбекистонликлар учун Умра нархи оширилиши тасдиқланди
Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши 18 март куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳозирги кунда Рамазон ойида умра зиёратини юқори савияда ташкил этиш бўйича ҳамкор ширкат масъуллари билан ўзаро мулоқот олиб борилмоқда. Хусусан, Рамазон ва Шаввол ойлари учун янги шартнома лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бунда зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юқори савияда ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, ҳамкор ширкат томонидан Саудияда карантин талаблари юмшатилгани сабаб дунё мамлакатларидан умра зиёратига келувчилар сонининг кескин ошиб кетган. Бу эса меҳмонхона ижараси нархининг сезиларли кўтарилишига сабаб бўлиши, транспорт, озиқ-овқат, виза тўловларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир зиёратчи учун белгиланган тўлов суммасига қўшимча тўлов қилиниши маълум қилингани айтилди. Йиғилишда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Аввалроқ Мусулмонлар идораси Умра сафари нархи оширилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берганди.