ФВВ Тошкентдаги омборда 7 соат давом этган ёнғин сабабини маълум қилди
Тошкентда мой маҳсулотлари омборида катта ёнғин содир бўлгани, ўт ўчирувчилар уни 7 соатда бартараф этгани ҳақида хабарлар берилган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ёнғин бўйича қўшимча маълумот берди.

Таъкидланишича, уни бартараф этиш учун 20 дан зиёд ёнғин-қутқарув автотехникаси, 1 дона ёнғин-қутқарув поезди ва 6 дона сув ташиш автотехникаси жалб этилган.
Бирламчи таҳлилларга кўра, мутахассислар томонидан ёнғин омборхонада сақланмаслиги лозим бўлган юк кутарувчи механизациялаштирилган транспортнинг электр тизимида авариявий ҳолат юзага келганидан деб тахмин қилинган. Унинг катта майдонга тарқалиши ва кўп вақт ичида давом этишига эса ушбу омборхонада аралаш ҳолда кўп миқдорда канцелярия маҳсулотлари, гул қоғозлар, полиэтилен ўрам маҳсулотлари, қуруқ эфир моддаси, шунингдек, омборхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда меъёридан ортиқ ёнувчи мотор мойи сақлангани сабаб бўлган.
Маълумот учун, ёнғин оқибатида омборхонанинг тахминан 2000 метр квадрат майдонида мой маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Аввалроқ Жиззахда фойдаланишга топширилмаган кутубхонада, Тошкентдаги Янгиобод бозорида, Самарқанддаги уйларнинг бирида ҳамда Тошкентдаги омборхонада ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.


