Наманганда бетон тўсиққа чиқиб кетган «Nexia» ағдарилди — фото
Наманган шаҳрида 19 март куни «Nexia-2» бетон тўсиққа чиқиб кетиб, ағдарилди. Ҳолат юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.

Маълум бўлишича, соат 01:30 да Ғирвонсой кўчасида 1998 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро «Nexia-2»ни бошқариб кетаётган бўлган. У тегишли хужжатларсиз Давлатобод–Тошбулоқ йўналишида кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган.

Сўнг машина йўл ўртасидаги бетон тўсиққа чиқиб кетиши оқибатида ағдарилган.

Машина салонида бўлган, 1995 йилда туғилган йўловчи ўнг юз юмшоқ тўқимаси лат ейиши ташхиси билан шифохонага мурожаат қилган. Мазкур ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Nexia» пастликка ағдарилганди. Шунингдек, Самарқандда «Lacetti» ариққа ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.