Тошкентда 18 ёшли талабани бир зарба билан ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилди
Турин политехника университетидаги жанжал оқибатида 18 ёшли талаба вафот этгани, гумонланувчи эса қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Олий суд ахборот хизматига кўра, қотиллик содир этган йигит 8 йилга қамалди.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) «д» банди (Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса)да назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган йигит 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Судда у айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ёшлик қилиб бу ишни содир этгани, ҳозирда афсусда эканини билдирган.
«Машинани қўйиб, танишим билан уришаётган боланинг олдига бордим. Унга ‘Нима бўляпти, ака?’ деганимда ‘Сиз аралашманг’ деди. ‘Сиз билан уришаётган бола менинг ўртоғим, бекордан бекорга ўқишдан ҳайдалиб кетманглар’ дедим. У гапларимни эшитмади.
Сўккани учун бир маротаба юзига урдим. У ёнбошига — асфальтга йиқилди. Машинага ўтириб, уни бошқариб, йўлнинг нариги бетига ўтиб, машинани тўхтатганимда ҳали ҳам ерда ётганини, атрофида одам кўпайиб кетганини кўрдим. Шу сабабли қўрққанимдан у ердан кетиб қолдим.
ИИБ ходими танишимга телефон қилиб, Олмазор тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБга чақиришди. Яна бироз вақт ўтиб, бошқа одам телефон қилиб, уйим олдига келишимни айтди. Олмазор тумани Ниязова кўчасидаги уй олдига бордим. У ерда ИИБ ходимлари 4-сонли ИИБга олиб боришди», — деган судланувчи.
Аввалроқ Тошкентда 16 ёшли қиз «Spark»да ҳайдовчини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда оммавий муштлашув уюштирган 17 кишига суд ҳукми ўқилган.