Видео: Чироқчида қум қазиб олиниши оқибатида чуқурга ботган кўприкни сув ювиб кетди
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳар йили баҳор ва куз ойларида ёғингарчиликдан сўнг ҳосил бўлган тошқин сувлар ушбу тумандаги Қумдарё деб аталувчи дарёдан минимум 3 кун, максимум 3–4 ҳафтагача бўлган вақт оралиғида узлуксиз оқиб ўтади. Бу эса ушбу дарё бўйида яшаётган аҳоли учун кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. «Bugun.uz» мухбири Фаррух Худоёров ушбу муаммоларни биргина Чувуллоқ қишлоғи мисолида санаб ўтади.

Қумдарёнинг Чувуллоқ қишлоғидан оқиб ўтувчи ёқасида тахминан 3–4 километр масофа фарқи билан 2 та мактаб бор (100-сонли ва 108-сонли мактаблар). Ҳар икки мактаб ҳам дарёнинг бир томонида жойлашган. Бу эса 2013 йилга қадар баҳор ва куз ойларида дарёнинг қарама-қарши томонида яшайдиган мактаб ўқувчиларининг дарс қолдиришига, оёқ кийимларини ечиб, совуқ об-ҳавода ҳам сув кечиб ўтишига ёки қўшни қилшоқдаги кўприкдан айланиб келишига сабаб бўлар эди.
2013 йилда қишлоқ аҳолиси томонидан 100-сонли мактабнинг ёнидан, 108-мактабга эса бироз узоқроқ бўлган қисмидан 2 та кўприк ҳашар йўли билан ҳар бири камида 200 миллион сўм маблағ эвазига қурилган. Бу орада эса қишлоқ аҳолисининг узоғи яқин, оғири енгил бўлиб улгурган эди. Лекин бу кўприклар узоқ йил хизмат кўрсатишига кўпчиликда шубҳа бор эди. Сабаби Қумқарёда сув оқими тўхтаганидан кейин бир қатор тадбиркорлар қумни қазиб олиб кетишни бошлади.

Қазиб олиш ишлари баъзида Қумдарёнинг турли нуқталарида эрталабдан кечгача давом этади. Бунинг оқибатида катта-катта чуқурлар пайдо бўлади (бунақа чуқурлар юзга яқинни ташкил этади). Баҳор куз ойларида сув келишни бошлаганидан кейин тадбиркорлар томонидан ғорга айлантирилган чуқурларни сув бошқа ҳудудлардаги қумларни оқизиб келиш орқали тўлдиради. Бунинг натижасида борган сари дарё чуқурлашиб, қум камайиб, қурилган кўприкларнинг эса пастки қисми очилишни бошлайди ва охир-оқибат қулаб тушади.


Худди шу ҳолат 2022 йилнинг 15 март кунида содир бўлди. Тинимсиз ёмғир ёғиши натижасида оқшом пайти Қумдарёга яна сув келишни бошлади. Ўша куни тунда эса 2013 йилда қишлоқ аҳолиси томонидан қурилган кўприк қулади. Шу сабабли Чувуллоқ аҳолисининг ташвиши яна ортди. Ўқувчилар мактабга бориш учун километрлаб йўл босиб ё иккинчи кўприкдан айланиб келиши ёки қўшни Оқтунли қишлоғида жойлашган кўприкдан ўтиб келишларига тўғри келмоқда. Юк автомобиллари эса янада узоқроқдан айланиб келишга мажбур бўлмоқда. Сабаби иккинчи кўприк ҳам зўрға енгил машиналар ва пиёдалар учун хизмат қиляпти.
Дарё тўхтаганидан кейин ҳам муаммо тугаб қолмайди. Қишлоқда ҳар жума куни бозор бўлади, у ерга асосан аёллар рўзғорга керакли маҳсулотларни олиб келиш учун боради. Улар қўлидаги бозори билан қум қазиб олиниши оқибатида йилдан йилган чуқурлашиб бораётган Қумдарёнинг нариги томонига ўтишга қийналади. Бундан ташқари дарёни кўчиб ўтувчилар учун қазилган чуқурлардан бирига тушиб кетиш хавфи йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Энди ўз-ўзидан саволлар туғилади. Нима учун шу пайтгача Чироқчи тумани ҳокимияти йиллар давомида эҳтиёж сезиб келаётган Чувуллоқ аҳолиси учун кўприк қуриб бермаган? Қулаган кўприкни ҳам қишлоқ аҳолисининг ўзи тамъирлаб олмоқчи. Унда улар нима учун солиқ тўлашяпти? Экологияга масъул бўлган ташкилотлар нега тадбиркорлар томонидан қумнинг тонналаб қазиб олинишига жим қараб турибди? Маълумотларга кўра, тадбиркорлар қум қазиб олишни қонуний амалга ошираётганини айтган.



Ҳужжатда 1 метрдан чуқур қазмаслик кўрсатилган, амалда эса 3-5 метрдан ҳам чуқурдан қум олинаётганини айтилмоқда. Айни пайт худди шу жойдан ўтиш учун этикларни ечиб (чунки ҳаво бироз совуқ) шимларни шимариб сувдан кечишдан бошқа муқобил вариант йўқ. Бу ҳолат яна қанча давом этади деган саволга ҳеч ким жавоб беролмайди.
Маълумот ўрнида, 17 март куни Чироқчи тумани иккига ажратилди. Унга кўра, Чувуллоқ қишлоғи янги ташкил этилган Кўкдала тумани таркибига киритилган.