Блогер «Asalhoney»ни ўлдиришда гумонланган шахс ушланди
Бош прокуратура ҳолат юзасидан Bugun.uz’га маълумот берди
«Asalhoney» номи билан танилган блогер Асал Хўжаева 18 март куни Тошкент шаҳридаги уйида ўлик ҳолда топилганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, унинг ўлимида гумонланаётган шахс процессуал тартибда ушланган.
Бош прокуратура матбуот котиби иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, «Asalhoney» ҳақдаги хабарлар 2020 йил тарқала бошлаган. «Asalhoney» 5 майда ўзи яшайдиган уйда бир эркак ҳужумига учраган. Шу куни соат тахминан 20:15 да Мирзо Улуғбек тумани 2-сонли ИИБнинг навбатчилик қисмига фуқаро Д.П. мурожаат қилиб, Мирзо Улуғбек тумани Марказ-1 мавзесида яшовчи, интернетда «Asalhoney» номи билан танилган аёлнинг хонадонидан шубҳали шовқин-суронли овозлар эшитилаётгани ҳақида хабар берган. Юқоридаги ҳолат юзасидан воқеа жойига етиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон 1-отряди ходимлари жабрланган фуқаро яшовчи уйнинг кириш-чиқиш йўлагидан чиқиб, ходимларни кўриб воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган эркакни ушлаган.
Туман 2-сонли ИИБ Жиноят қидирув бўлимида гумон қилинувчининг шахсига ойдинлик киритилганда, у Тошкент шаҳар Учтепа тумани Пешқадам кўчасида яшовчи Я.А. экани, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланган.
Шундан сўнг «Asalhoney»нинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида юз берган воқеа юзасидан видеохабар қолдирган. У гумон қилинувчи ижтимоий тармоқда жабрланувчининг катта миқдордаги пул билан тушганини тасвирларини кўриб, шу пулларга эга бўлиш мақсадида унинг уйига келгани ва унга ҳужум қилганини таъкидлаган.
Шунингдек, бу воқеалардан сўнг 2020 йил ноябрь ойида «Asalhoney» яна интернетни «портлатди». 2020 йилнинг 31 октябрь куни фуқаро Мурод Абдуллаев Асалҳонейга қўнғироқ қилган. Йигит суҳбат давомида Асал Хўжаевага қилаётган ишлари яхши эмаслиги, ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган. Аммо Асал Хўжаева эркакнинг сўзларига ҳақорат билан жавоб қайтарган. Шунингдек, қўнғироқ жараёнини видеотасвирга олиб, Инстаграмʼдаги ўз саҳифасига жойлаштирган. Ўз навбатида, ушбу видеотасвирлар интернет орқали тарқалгач Мурод Абдуллаевга турли одамлар қўнғироқ қилиб, уни ҳақоратлаган. Жабрланувчи мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судига шикоят қилган.
Суд воқеани батафсил ўрганиб чиққан. Суд қарорига кўра, Хўжаева Асал Матёқубовна Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилган. Асал Хўжаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида, яъни 4 460 000 минг сўм жарима жазоси, шунингдек, 183-моддага асосан узил-кесил 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ 2022 йил январь ойида «Asalhoney» уйида пичоқлаб кетилгани ҳақида турли хабарлар тарқалган эди. Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати бу ёлғон эканини айтган эди. Шунингдек блогер ҳам буни инкор этиб, тириклигини таъкидлаган. У Instagram саҳифасида бу туҳмат эканини айтган. «Asalhoney»нинг сўзларига кўра, бу миш-мишдан кейин Telegram ва Instagram’и хабарларга тўлиб кетади.