Сирдарёдаги шаҳарчада ёғингарчилик етказган зарар бартараф этилди
Сирдарё вилояти Бахт шаҳрида кучли ёғингарчилик оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши сабабли юзага келган тошқин бартараф этилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимининг топшириғи билан сув босган хонадонлардаги аҳоли хавфсиз худудларга кўчирилиб, озиқ-овқат ва зарур ашёлар билан таъминланган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва бошқа масъуллар билан бирга тезкор тадбир ишлаб чиқилиб ишга киришилган.
Шунингдек, мазкур ҳудудда авария-тиклаш ҳамда сув тошқини ҳудудидан сувларни чиқариб ташлаш тадбирларига махсус техника ва зарурий воситалар сафарбар этилган. Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги аҳоли турар жойлари (ҳовлилар), ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари объектлари ҳудудлари ва кўчаларда йиғилиб қолган ёмғир сувларини чиқариб ташлаш учун 40 та ёнғин ўчириш автомобили, 25 та мотопомпа, 18 та сув ташиш техникаси ва 202 нафар фавқулодда вазиятлар ходими жалб этилган.

Бахт шаҳрига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 14 та ёнғин ўчириш автомобили, 16 та мотопомпа, 11 та чуқурлик насоси, туман ҳокимлиги ва Автомобиль йўллари бош бошқармасининг 9 та самосвал, 1 та автогрейдер, 2 та автопогрузчик, 2 та каток, 1 та автокран, 3 та автобус, 2 та сув ташиш техникалари ва 1 та трактори жалб этилиб, 28 та аҳоли хонадонлари ва 103 та уй ҳовлилари ҳамда кўчаларга тошган коллектор сувлари чиқариб ташланган.
Бахт шаҳар Хазина, Ишонч, Тинчлик, Тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги кўчаларнинг ёмғирдан зарар кўрган 746 та хонадонларида юқумли ва паразитар касалликларини олдини олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё тумани бўлимининг 14 нафар ходимлари томонидан дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.

ВЖД коллекторига қўйилган мосламадан сув сатҳи 1 метргача ва ВЖД-3 коллекторидаги сув сатҳи 20 сантиметргача пасайган. Ушбу коллекторнинг ПК-35 нуқтасида жойлашган гидрокўприкда 7 нафар ишчи ва хизматчилар томонидан ҳар хил йиғилган чиқиндилар тозаланган.
Сирдарё ва Тошкент вилоятлари «Тоза ҳудуд» корхонасининг 4 тадан махсус техникалари ёрдамида 1920 метр/куб тўпланиб қолган сув чиқариб ташланди. Тошқин асоратларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бахт шаҳарчасини 16 март куни кузатилаётган кучли ёғингарчилик оқибатида сув босганди. Хўжаликлараро коллекторнинг шаҳарча ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи меъёридан ошиб кетган. Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва 102 та аҳоли яшаш хонадонига сув кирган.