Қашқадарёда аҳоли «чупакабра»ни таёқ билан уриб ўлдиргани айтилди — видео
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 19 март куни аҳоли «чупакабра»ни таёқ билан уриб ўлдиргани айтилди. Бу ҳақда «Ekologuz» Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, «Қамаши тумани Тўқбой қишлоғида чупакабра ҳайвонни таёқ билан уриб ўлдирдик», деб номланган видеотасвир ижтимоий тармоқларда тарқалган. Ҳолат Қамаши тумани Ички ишлар бошқармаси ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси МФЙ фаоллари иштирокида ўрганилган.
Ўрганиш давомида 19 март куни Қамаши тумани Одоқжонбуз МФЙ ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги ер майдони суғориш ариғи қирғоқ қисмида 1 бош тулки боласининг жонсиз танаси ётгани аниқланган. Ҳолат жойида юрган 1 нафар шахсга видеотасвир кўрсатилиб, воқеа хақида сўралганда тулки боласини қўй- қўзиларни ҳуркитиб чиққан вақтида итлар тишлаб ўлдирганини билдирган.
Шунингдек, тулки боласининг жуни қўтир касаллиги сабабли тўкилиб кетгани, ўлик танасини атрофдаги фуқаролар «Чупакабра ҳайвонни ўлдирдик» деб видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоққа тарқатганини айтган.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 14 май куни аҳоли қўй ва кўзиларни бўғизлаб кетган номаълум ҳайвонни уриб ўлдирганди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти Касби туманида 30 бошга яқин қўй ва эчкиларни бўғизлаб кетган номаълум ҳайвон уриб ўлдирилгани хабар қилинган. Ҳамда Давлат экология қўмитаси Навоий вилояти Тўдакўл соҳилидан йирик мавжудот топилгани айтилган хабар юзасидан изоҳ берган эди.