Жамият - 8:08 · 23.03.2022

Қирғизистонда 20 ёшли ўзбекистонлик йигит пули йўқлиги учун бўғиб ўлдирилди

Қирғизистонда ўтказилган тезкор чора-тадбирлар натижасида Қора-Сув тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қотилликда гумон қилинган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Фото: «Известия»

Қайд этилишича, 17 март куни Ўзбекистон фуқароси ички ишлар органларига мурожаат қилиб, 20 ёшли укаси ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, йигит «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктидан ўтганидан сўнг бедарак йўқолган. 18 март куни эса милицияга Очи қишлоғида яшовчи 62 ёшли фуқародан ариза келиб тушган. У Туротали бозорида ишлаган 36 ёшли ўғли бедарак йўқолганини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида эркак бозордаги ишини тугатиб, таксига ўтириб, йўлга чиққани аниқланган. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан аниқланишича, Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида туғилган 28 ёшли такси ҳайдовчиси Сузоқ туманида яшовчи 17 ёшли дўсти билан «Дўстук» постидан 20 ёшли йигитни олиб кетган. Унинг пули йўқлигини билгач эса бўғиб ўлдирган. Жасадни далага олиб чиқиб, кўмиб юборган. Шундан сўнг йигитнинг шахсий буюмларини ёқиб, озгина пул билан телефонни ўзи билан олиб кетган.

Қотилликдан сўнг гумонланувчилар Туротали бозорига борган. У ердан 62 ёшли фуқаронинг ўғлини олиб кетиб, биринчи марҳум сингари Ўшга кетаётган йўлда бўғилиб ўлдириб, кейинроқ дарё бўйига кўмиб юборган.

«Ҳар икки гумонланувчи ҳам айбига иқрор бўлди. Ҳозирда улар вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Россияда бўғиб ўлдирилиб, кўмиб юборилган ўзбекистонлик йигитнинг мурдаси топилганди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик эркакни оёқ кийим ипи билан бўғиб ўлдирган гумондор ҳибсга олинганди.

Bugun — LIVE