Алишер Усмонов Британиядаги мулкини санкциялардан чиқариб олди — фото

Британия санкциялари остида қолган Россиянинг «USM Holdings» эгаси Алишер Усмонов эндиликда мамлакатдаги мулкига эгалик қилмаслигини айтди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «The Telegraph»

Маълум қилинишича, Усмоновга тегишли бўлган Саррейдаги 82 миллион фунтлик сарой ва Лондондаги уй миллиардерга алоқадор фондларга топширилган. Британия ҳукумати Усмонов мамлакатдаги «активларга кириш ҳуқуқини йўқотган»ини даъво қилмоқда.

Уруш бошланганидан бир ҳафта ўтиб, 3 март куни миллиардер россиялик тадбиркорларнинг «қора рўйхати»га киритилганди. Усмоновнинг активлари музлатилиб, унинг ўзига эса Британияга кириш, мамлакатдаги компанияларига эса у билан ҳар қандай бизнес битимларини тузиш тақиқланганди.

«Путин режимига алоқадор олигархлар ва урушга чамбарчас боғлиқ бўлган шахсларга зарба берамиз», — деган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

Ўз навбатида, Алишер Усмоновнинг вакили «BBC»га берган интервьюсида 68 ёшли миллиардер энди Британиядаги активларининг катта қисмига эгалик қилмаслигини айтган. Усмоновнинг умумий активлари 14 миллиард фунт стерлингга (19 миллиард доллар) баҳоланмоқда.

Ҳукумат рўйхатида унинг Британия мулклари орасида Лондон шимолидаги ҳашаматли Бичвуд-Хаус (мутахассислар томонидан 82 миллион фунт стерлингга баҳоланган) ва Саррейдаги Саттон-Плейс мулки бор.

Фото: Бичвуд-Хаус / Shutterstock

Усмонов вакилининг сўзларига кўра, унинг кўплаб мол-мулки ва яхтаси қайтариб бўлмайдиган тарзда мақсадли жамғармаларга ўтказилган. Бундай ўтказиш шартлари, қоида тариқасида, таъсисчи томонидан кейинчалик ўзгартирилиши мумкин эмас. Усмонов активларни топшириш орқали уларнинг эгаси бўлишни тўхтатгани маълум қилинган.

«Миллиардер уларни бошқара олмайди ёки сотиш бўйича шартномалар туза олмайди, фақат ижара асосида фойдаланиши мумкин», — деган олигархнинг вакили.

Усмоновнинг сўзларига кўра, у мазкур фондларнинг бенефициарларидан (пул олувчи) олиб ташланган, позицияларини қариндошларига топширган.

Таъкидланишича, миллиардернинг активлари 27 журналистик ташкилоти, жумладан «BBC», «The Guardian» газетаси ва Россияда тақиқланган OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) лойиҳаси томонидан яратилган Russian Asset Tracker лойиҳаси ёрдамида аниқланган.

Журналистлар Усмоновга алоқадорлиги тахмин қилинаётган 2,6 миллиард фунт стерлинглик активларни топган, бироқ агар олигарх уларга эгалик қилмаса, бу активлар санкциялардан озод қилиниши мумкин. Путинга алоқадор бошқа бизнесменлар йўқотишлардан қочиш учун худди шундай йўлдан фойдаланиши қўшимча қилинган.

«Бу усул бой одамлар орасида жуда кенг тарқалган. Улар ўз бизнесларини, шахсий бойликларини солиққа тортишнинг максимал самарадорлигига эришадиган тарзда тузади. Кўпинча бу орқали улар солиқни оптималлаштириш учун эгалик ва назорат қилиш ҳуқуқидан кечади. Актив санкция остида қолиши учун, у санскиядаги шахснинг назорат остида бўлиши ёки унга тегишли бўлиши керак. Мулк тузилмаси қанчалик мураккаб бўлса, уни аниқлаш шунчалик қийин бўлади», — дейди адвокат ва санкциялар бўйича эксперт Майкл О’Кин.

Фото: Саррей графлигидаги Саттон-плейс / «ALAMY»

Саррей графлигидаги Саттон-плейс кимга тегишли?

Британия ҳукумати номидаги уйларнинг қонуний эгаларини кузатиш ниҳоятда қийин. Уларнинг эгаси Британиянинг Виржиния ороллари ёки Мэн оролида рўйхатдан ўтган мураккаб фондлар ва компаниялар тармоғи орқасида яширинган. Ҳокимият яқин вақтгача активнинг аниқ эгасини ошкор этилишини талаб қилмаган.

Бироқ «BBC» активларга эгалик қилган икки фондни ва уларнинг Усмоновнинг узоқ йиллик бизнес ҳамкорларидан бирига алоқадорлигини аниқлашга муваффақ бўлган. Бу одам Ғарб санкцияларига учрамаган, «Эвертон» футбол клуби эгаси Фарҳод Моширидир. У Усмоновнинг USM Holdings ширкатига ҳам эгалик қилади.

Фото: «Коммерсантъ»

Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциумида (ICIJ) Мошири ҳақида бошқа материаллар билан бир қаторда унинг Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Coney Holdings Limited компаниясининг акциядори бўлганини тасдиқловчи ҳужжат бор. 2014 йилгача у Саррей графлигидаги Sutton Place Property Unit Trust деб номланган муассасанинг акцияларига эгалик қилган. Шунинг учун қаср ва Мошири ўртасида бевосита боғлик бор.

Усмоновга жамғармадан 6 миллион фунт стерлинг миқдорида кредит линияси берилган. У, шунингдек, Мэн оролидаги Hanley Limited акцияларига эга бўлган Pauillac Trust бенефициари эди. Ҳозирда унга қарши Британия ҳукумати санкция қўлламоқчи.

Мошири Pauillac фонди билан боғлиқ бўлган бошқа компания Pauillac Properties Limited директори лавозимида фаолият олиб борган. Алишер Усмонов ушбу икки фондга муносабати, шунингдек, уларнинг бенефициари бўлиб қолиши ёки қолмаслиги ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортган. Ҳужжатларга кўра, у илгари уларнинг ишларида қатнашган, аммо бугунги кунда маблағлар ва уларнинг мулкига ким эгалик қилиши сирлигича қолмоқда.

Мошири вакилининг «BBC»га айтишича, у Pauillac директори лавозимини тарк этган ва Мошири Саррейа графлигидаги Sutton Place Property Unit Trust қасри билан алоқаси йўқ. Вакил, шунингдек, Мошири USM’даги улушларининг ярмини сотганини ва янада кўпроғини сотмоқчилигини қўшимча қилган, аммо бу энди Россия қонунчилигида тақиқланган. Шунингдек, у жамғарма директорлар кенгаши аъзолигидан ҳам истеъфога чиққани қайд этилган.

Таъкидланишича, оффшор схемалардан фойдаланиш ҳукуматларга санкцияланган активлар эгалари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишни қийинлаштиради.

«Британиянинг Виржиния ороллари каби офшор молия марказлари узоқ вақтдан бери Кремль маъмурлари ва клептократлар томонидан маъқулланиб келинган, шбу юрисдикцияларда ташкил этилган компанияларининг мураккаб тармоқлари Британия ҳукуматининг  санкцияларни амалга ошириш имкониятини чеклайди», — дейди Transparency International’нинг Буюк Британиядаги бўлимидан Стив Гудрич.

Ташкилот ҳукуматни Британия ҳукмронлиги ва хориждаги ҳудудлари билан оффшор тизимларни шаффофроқ аниқлаш учун ҳамкорлик қилишга чақирган. Усмоновнинг вакили эса, унинг тузилмаларини «шаффоф» деб аташ нотўғрлиги  ва бу миллиардернинг бизнесмен ва хайриячи сифатидаги обрўсига путур етказишини қайд этган.

«Жаноб Усмоновнинг капитали муваффақиятли, баъзан хавфли, инвестициялар ва активларни самарали бошқариш орқали яратилган», — дейди у.

Аввалроқ Канада ва Австралия ҳам Алишер Усмоновга қарши санкция киритганди. Шунингдек, Алишер Усмоновнинг Германия тортиб олаётган «Dilbar» яхтаси қандай кўринишга эга ва қанчага баҳолангани маълум қилинган.

Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
Жамият23:52 | 6.10.22
Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Жамият, Тошкент ш.23:13 | 6.10.22
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Жаҳон22:51 | 6.10.22
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
Жамият22:35 | 6.10.22
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Жаҳон22:04 | 6.10.22
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди
Жамият21:44 | 6.10.22
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди