Жаҳонгир Отажонов 4 киши унга нисбатан ноинсоний ҳаракатлар қилганини айтди
Хонанда Жаҳонгир Отажонов 17 март куни видеомурожаат билан чиқиб, Хоразмда уни 4 нафар шахс зўравонлик билан олиб кетиб, ноинсоний ҳаракатлар қилганини айтди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатда Отажоновни 14-дан 15 мартга ўтар кечаси Хоразм вилоятида 4 нафар шахс зўравонлик билан номаълум жойга олиб бориб, у билан ноинсоний ҳаракатлар содир этганини айтилган. У ўз навбатида Урганч шаҳар ИИБга мурожаат қилгани, лекин унга ҳеч ким ёрдам бермаётгани ҳақида гапирган.
«Воқеанинг хронологиясини кузатадиган бўлсак, иддао этилаётган жиноий ҳолат март ойининг 14 дан 15 га ўтар кечаси содир этилган. Отажонов бу ҳақда орадан 2 кун ўтиб хабар берган. 16 март куни Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманидаги тўй маросимида иштирок этган.
У жиноят ҳақида мурожаат қилгандан сўнг ҳам унга нисбатан тайинланган экспертизалардан тўлиқ ўтмасдан, ҳолатга ойдинлик киритишда ёрдам бериш ўрнига 20 март куни Тошкент шаҳрига қайтиб келиб, ҳозирга қадар суриштирув органларининг талабларига беписандлик қилиб келмоқда», дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 17 октябрь куни ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистондан чиқиб кетишига тақиқ қўйилганини айтиб, видеомурожаат йўллаган. Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берганди.
Бюро органлари томонидан Жаҳонгир Отажоновга нисбатан суднинг тегишли қарорларига асосан фуқаролар С.Ф., М.С. ва Е.И. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундиришга оид 3 та ижро иши юритилган.
Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро ҳужжатларига асосан, қарздордан ундирувчилар М.С. ва Е.И. фойдасига алимент ундириш белгиланиб, бюронинг Юнусобод туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-1-моддасига асосан вақтинча чекланган. Фуқаро С.Ф. фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати эса унинг аризасига кўра, ижросиз қайтарилган ва ижро иши тугатилган.