Геология қўмитаси биноси сотувга қўйилди
Тошкент шаҳри Миробод тумани Шевченко, 11-уй манзилида жойлашган (Зулфия боғи тўғрисида) бино қарийб 75,6 миллиард сўм бошланғич нарх билан сотилади, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига тегишли бино Давлат активларини бошқариш Тошкент шаҳар бошқарамасининг тегишли буйруғи билан сотувга қўйилган. Асосий фаолият тури маъмурий бино бўлган иншоот 1,3 гектар майдонни эгаллайди, шундан 10 минг 962 метр квадрат майдонда бинолар мавжуд. Объектнинг қолдиқ баланс қиймати ҳужжатларда 2,7 миллиард сўм этиб кўрсатилган. Унинг қурилиш йили номаълум. Аукцион 25 март куни ўтказилиши белгиланган.
Аукцион шартларига кўра, давлат кўчмас мулки объектининг олди-сотди шартномаси баённома расмийлаштирилгандан сўнг 10 иш кунидан кечиктирмай сотувчи, балансда сақловчи ва аукцион савдоларининг ғолиби ўртасида тузилади. Агар ғолиб 5 иш куни ичида оператор хизмат ҳақига етарли маблағларни тўламаган ёки олди-сотди шартномасини имзолашни рад этган тақдирда, аукционнинг салоҳиятли ғолиби мавжуд бўлса, унга оператор хизмат ҳақида етарли мабғал тўлаш учун 5 иш кунлик муддат беради. Акс ҳолда такрор аукцион ўтказилади.