Андижондаги электр тарқатиш жавонида ёнғин содир бўлди
Андижон туманида 25 март куни электр тарқатиш жавонида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, соат 09:14 да туманнинг Гузар МФЙ Мактаб кўчасида жойлашган туман электр тармоқлари корхонасига қарашли электр тарқатиш жавонида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 09:21 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 09:23 да қуршаб олинган ва соат 09:28 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида электр тарқатиш жавони тўлиқ ёниб зарарланган. Ёнғин электр тарқатиш жавонида юкламанинг ортиши сабаб содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Воқеада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Аввалроқ Фарғонадаги массажхонада ёнғин содир бўлганди. Шунингдек, Тошкентдаги Янгиобод бозорида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган.