Наманганда 3 кун давомида сайёр қабул бўлиб ўтди
Наманган вилояти ҳудудларида 3 кун давомида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъулларининг Наманган вилояти маҳаллаларидаги ўрганишлари давомида давлат раҳбарининг маҳалла ва оила институтларини уйғун ривожлантириш, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорликда янада самарали ишлаши, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиши учун яқиндан ёрдам берилган.

Уч кун давомида Наманган вилоятида 1 минг 540 дан зиёд хонадон ва қарийб 1 минг 460 та объект ўрганилиб, аниқланган 478 та масаладан 416 тасига ечим топилган. Масалаларга аввало маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ечим топиш, шарт-шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ жиҳатлар, амалга ошириладиган ишлар, лойиҳалару режалар энг қуйи тизим вакиллари билан муҳокама қилинди ва муаммоларга ечим изланган.

Янгиқўрғон туманида ўтказилган ўрганишларда Абдуфаттоҳ Барноев Гулшан маҳалласида 5 йилдан бери ишламаётган оилавий шифокорлик пунктини замонавий асосда қайта ишга тушириш, Мадина Мамажонова эса Янги Боғистон маҳалласида янги мактаб барпо қилиш билан боғлиқ масалаларга ечим сўради. Бу икки масала вилоят даражасида ҳал қилиб бериладиган бўлган. Оқсув маҳалласида яшовчи Салимахон Эрматованинг ҳам уй-жой билан боғлиқ муаммосига ўша ернинг ўзида ечим топилган.