Наманганда жанговар қурол сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди
Наманган шаҳрида муқаддам қотиллик жинояти сабаб судланган фуқаро жанговар «АКС-74» қуролини сотмоқчи бўлганда қўлга олинди.

Маълум бўлишча, вилоятнинг Косонсой туманида яшовчи 1983 йилда туғилган муқаддам Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 182- (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан судланган А.О. жиноят устида ушланган. У Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа туманигабориб, 1 дона «АКС-74» (Калашников) жанговор ўқотар қуроли, 3 дона ўқдон ва 43 дона ўқ-дориларни олган ҳамда контрабанда йўли билан Ўзбекистонга ўтказган.
ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у ушбу қурол ва ўқ-дориларни Наманган шаҳрида сотмоқчи бўлганида қўлга олинган. Ҳозирда унга нисбатан ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246-(Контрабанда) ва 248-моддалари (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.