Жаҳон, Илм-фан - 10:05 · 25.03.2022

Олимлар фалаж одамнинг миясига хаёлларни ўқийдиган чип ўрнатди

Немис ва швейцариялик олимлар гуруҳи инсон миясига хаёлларни ўқий оладиган микрочипни ўрнатди. Бу ҳақда «Nature Communications» хабар берди.

Фото: «Phys.org»

Маълум қилинишича, кашфиёт фалаж одамга сўз ва ибораларни ҳосил қилиб, «фикр кучи» билан мулоқот қилиш имконини берган. Мутахассислар латерал амиотрофик склерозга чалинган 34 ёшли беморга мия сигналларини қабул қила оладиган игна электродлари бўлган иккита микрочип ўрнатган. Махсус дастур мазкур сигналларни қабул қилиб, компьютер тизимига «ҳа» ёки «йўқ» жавобини берган. Бемор оёқ-қўлларини ҳаракатга келтираётганини тасаввур қилган ва чиплар миядаги бу фаолликни аниқлаб, маълумотларни компьютерга узатган.

Бундан ташқари, дастур беморнинг фикрлаш кучи билан танлаган алифбо ҳарфларини овоз чиқариб ўқий олган. Бу жараён ҳали жуда секин кечмоқда, чунки бир дақиқада бемор фақат битта ҳарфни танлашга муваффақ бўлган.

Қайд этилишича, тизимдан уйда фойдаланиш ҳам мумкин. Тадқиқот давомида бемор оиласи билан яшаган ва олимлар унинг уйига келган, локдаунда эса улар масофадан туриб учрашган. Бироқ шунга қарамай, бундай технология қимматлиги сабабли ундан кенг фойдаланиш мумкин эмас.

«Биз ўрнатиш ва бошқариш осонроқ бўлган тўлиқ имплантация қилинадиган қурилмани ишлаб чиқмоқдамиз. Ҳозирда тизим клиник олди синовдан ўтказилмоқда. Яқин келажакда клиник синовларни бошлаш режалаштирилган», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Йонас Циммерманн.

Олимнинг фикрича, янги симсиз қурилма бемор гапираётганини тасаввур қилганда нутқни бевосита миядан аниқлай олади.

Аввалроқ Илон Маск одамларга чип ўрнатишни бошлаши маълум қилинганди. Шунингдек, Хитойда мактаб ўқувчиларининг формасини чиплаш бошланганди.

Bugun — LIVE