Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
«Ўзгидромет» хизмати дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Унга кўра, 26 март куни Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келади. Республиканинг шимолидан ташқари барча вилоятларда булутли ва ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Кундуз куни ҳарорат 12–15 даража илиқ бўлади.
25–26 март кунлари республиканинг айрим жойларида шамол 18–23 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғиши тўхтайди, фақат кечаси ва эрталаб Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
Дам олиш кунлари тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиши хавфи бор.