Ўзбекистонда хизмат автомобиллари 2030 йилгача тўлиқ электромобилларга алмаштирилиши мумкин
Шавкат Мирзиёевнинг «Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, электромобилларда такси хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 2040 йилга қадар барча лизенция тўловлари ва йиғимларидан озод қилинади.
Шунингдек, вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий хокимият органлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар хизмат автомобиллари паркининг 2025 йилга қадар камида 10 фоизигача, 2030 йилга қадар 100 фоизи босқичма-босқич электромобилларга алмаштирилади. Мазкур бандда назарда тутилган ташкилотлар томонидан 2022 йилдан бошлаб харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда икки ой муддатда тез тиббий ёрдам машиналарини 2023–2026 йилларда электр двигателларда ҳаракатланадиган махсус транспорт воситаларига алмаштириш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Аввалроқ Фарғонада илк электромобиллар тест режимида ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилганди.