Видео: Оҳангаронда қаровсиз итларни оммавий ўлдириш бошлангани айтилмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида қаровсиз итларни оммавий овлаш ва ўлдириш бошлангани ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда «Ekolog.uz» Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, уй ҳайвонлари ҳам шаҳар марказидаги «Ободонлаштириш»га олиб борилиб, ўлдирилмоқда. Жойга етиб келган ит эгалари ва кўнгиллилар эса «Ободонлаштириш» ҳудудига киритилмаяпти.
«Улар уй ҳайвонларини қайтариш бўйича сўровларга жавоб бермаяпти. Ҳудуд ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан қўриқланмоқда. Орадан маълум вақт ўтиб, ‘Ободонлаштириш’ ҳудудидан ўлик итлар жойлаштирилган ‘Дамас’ номаълум томонга кетиб қолган. Кўнгиллилар ва шаҳар аҳолисининг кўплаб сўровларига жавоб берилмаяпти», дейилган ҳабарда.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг маълум қилишича, итларни туман Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими вакиллари томонидан шафқатсизларча олиб кетилаётганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан ҳозирда ўрганиш олиб борилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка эълон қилинади.
Аввалроқ Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги чиқиндихонада ўнлаб ит отиб ташлангани хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда 2 бола итни дарахт шохига осиб ўлдирганди. Ҳамда Тошкентда 3 нафар қиз мушук боласини сувга ташлаб юборганди.