9:50 | 28.03.22 140

Самарқандда пора билан ушланган ҳокимлик ходими ёнидан гиёҳванд модда топилди

Вилоят ИИБ бу бўйича Bugun.uz’га маълумот берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимлиги ходими 1200 доллар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, тезкор тадбирда Каттакўрғон шаҳар ҳокимлигида бўлим бош мутахассиси бўлиб ишловчи 1992 йилда туғилган Ж.Р. пора билан қўлга тушган. У фуқарога шаҳарда қурилаётган 12 қаватли уйдан 3 хонали хонадонни давлат томонидан ажратиладиган субсидия ҳисобида сотиб олишда ёрдамлашишини айтган.

Аниқланишича, ходим бунинг эвазига 1200 доллар олаётган вақтида ушланган. Шу билан бирга, ўтказилган шахсий тинтув вақтида унинг ёнидан 5–10 грамм миқдорда «Марихуанна» гиёҳвандлик моддаси, уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама ва 300 доллари пул топилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ходими Ж.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарё солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари пора билан қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.