Жаҳон - 14:57 · 29.03.2022

Алишер Усмонов қариндошлари орқали вилла ва ҳисобрақамларга эгалик қилиши аниқланди

OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) ва Британиянинг «The Guardian» нашри USM холдинг асосчиси Алишер Усмонов бўйича олиб борган суриштирувини эълон қилди.

Фото: «The Bell»

Унга кўра, Усмонов ўзининг асосий бизнес-конгломератидаги 49 фоиз улушини сақлаб қолган. Қолганлари эса унинг кўплаб махфий офшор компаниялари, бизнес шериклари ва қариндошларига тегишли. Бу унга нафақат санкциялардан, балки бутун дунё бўйлаб банк аудитларида пул ювиш айбловларидан қочишга ёрдам бериши келтирилган.

OCCRP «Credit Suisse сирлари», «Панама ҳужжатлари» ва «FinCEN файллари» каби ошкор қилинган молиявий ҳужжатлардан Усмоновга алоқадор компанияларнинг шубҳали молиявий фаолияти ҳақидаги ўндан ортиқ ҳисоботларни ўрганиб чиққан. OCCRP Коста-Смеральдада Усмоновга тегишли олтита виллани аниқлаган, улардан фақат биттаси бевосита унга тегишли.

«Russian Asset Tracker» лойиҳаси доирасида OCCRP ва Италиянинг IRPI нашри Коста-Смеральдада Усмоновга алоқадор ва санкциялар остида бўлмаган  яна бешта виллани аниқлаган. Уларнинг нархи 5,3 миллиондан 15,5 миллион долларгача баҳоланган.

Энг қиммат вилла Усмонов билан боғлиқ камида бешта қўшни уйдан иборат мажмуа таркибига киради. Улар Сардиния оролидаги Арзакена муниципалитетининг Ромаццино шаҳрида жойлашган. Участка Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага тегишли. Вилланинг ўзи яқинда тугатилган, Мэн оролида рўйхатдан ўтган «Le Mimose» компаниясига алоқадор. Бу компания, ўз навбатида, Усмоновнинг Бермудадаги «Pauillac Property Limited» компаниясига тегишли ҳисобланади.

Гулбаҳор Исмоилова бевосита шу мажмуадаги яна иккита виллага эгалик қилади. Бошқа виллалар Италиянинг «Delemar SRL» ва «Punta Capaccia» компанияларига тегишли бўлиб, улар ҳам ўз навбатида «Pauillac Property Limited» компаниясига қарашли. Март ойи бошида Италия расмийлари Усмоновнинг бевосита унга тегишли бўлган 35 миллион евролик вилласини музлатиб қўйганди.

Миллиардернинг синглиси Швейцариядаги аксарияти Усмоновнинг USM холдингига алоқадо бўлган 27 та банк ҳисоб рақамига эга. Усмоновнинг сингилларидан бири, тошкентлик гинеколог Саодат Нурзиева Швейцариядаги 27 та ҳисоб рақамининг ҳақиқий эгаси бўлиб, сўнгги йилларда улар орқали миллиардлаб долларлар келган. 2011 йил апрель ойида ушбу ҳисобларнинг фақат биттасида 2,1 миллиард доллардан ортиқ маблағ бор эди. Бошқа ҳисобрақамлар юзлаб миллионларда максимал балансга эга бўлган. Уларнинг аксарияти Усмоновнинг бизнес империяси билан боғлиқ бўлган, шунинг учун ҳам Нурзиева нега ҳисобларнинг бенефициари (пул тўлови учун мурожаат қилинадиган жисмоний ёки юридик шахс; пул олувчи) сифатида кўрсатилгани аниқ эмас.

Мазкур маълумотлар шуни кўрсатадики, булар корпоратив ҳисоблар бўлиб, уларнинг ўн олтитасида Усмонов ўз бизнес манфаатларини бирлаштириш учун фойдаланадиган USM холдинг билан боғлиқ. Молиявий жиноятлар бўйича мутахассис Грэм Бэрроу бундай яқин оила аъзосининг ишончли юз сифатида фойдаланишини «ғайриоддий» деб атаган. Унинг фикрича, бунга Саодат Нурзиеванинг таниқли шахс бўлмагани, банк ва Усмонов ўртасидаги яқин муносабат муассаса томонидан пухта текширув ўтказилмагани сабаб бўлган.

Усмоновнинг яна бир синглиси Гулбаҳор Исмоилова ва унинг турмуш ўртоғи ҳам Швейцариядаги ҳисоб рақамига эгалик қилади. Миллиардер вакиллари журналистларнинг сўровига кўра, Усмонов ҳукуматдан яшириш учун бойлигини қариндошлари ўртасида тақсимлаганини рад этган. Бироқ, расмий аввалроқ унинг Буюк Британиядаги мулки ва яхтаси «қайтариб бўлмайдиган, активларни ҳимоя қилиш учун тузилган битимга асосланганини айтган. Уларнинг бенефициари эса миллиардернинг оила аъзоси ҳисобланади.

Мавзуга доир:

Bugun — LIVE