Президент вазир ва ҳокимларга йил охиригача автомобиль ҳамда бошқа айрим харидларни тақиқлади
Шавкат Мирзиёев 31 март куни ўтказилган йиғилишда иқтисодий комплекс раҳбарларига макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттиришга кўрсатма берди.

Келтирилишича, бунинг учун ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 триллион сўмга қисқартириш талаб этилади. Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:
- молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
- бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлади.
Бош прокуратурага бюджет ташкилотларида ушбу харажатларнинг олдини олиш устидан тизимли назорат ўрнатиш ва вилоят кесимида ҳар ҳафта Президентга ахборот бериш топширилди. «Бу — маблағлар олиб қўйилади, дегани эмас. Барча иқтисод қилинган маблағлар ушбу ҳудуд ва тармоқнинг ривожлантириш дастурига йўналтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор ўтказилаётгани, унда Президент шакар нархи асоссиз ошганига тўхталгани хабар қилинганди.
Бундан ташқари, бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилиши, штаб олдига бозордаги нарх-навонинг кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш вазифаси қўйилгани хабар қилинган