Фарғонада вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берганлар ушланди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида уйида ҳужра ташкил қилиб вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берганлар ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, вилоят ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳудудларда ўтказилган профилактик тадбирлар давомида вояга етмаган болаларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келган фуқаролар аниқланди. Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Х.Х махсус диний маълумоти бўлмай туриб, диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз яшаш хонадонида ҳужра ташкил қилгани аниқланган.
У 19 нафар вояга етмаганларга диний таълимот берган. Фуқаро Ж.Т диний йиғилишлар ўтказиш тартибини бузиб, мазкур ҳужрада таълим олаётган болаларга имомлик қилиб келган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасига (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) мувофиқ ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга оширилган. Суд томонидан ҳуқуқбузарларга ўн сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманида мактаб ёшидаги болаларга ноқонуний диний таълим бериб келаётган эркак жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.



