Фарғонадаги қишлоқда уй ва боғчаларни сув босгани айтилди
Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Учкўприк туманидаги Ғиждон қишлоғида уй ва боғчаларни сув босгани айтилган хабарлар юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда қишлоқда сув ариқдан тошиб, тадбиркорлар биноларини, уйлари ва боғчаларни босаётгани, кўп марта мурожаат қилинса ҳам, бу яна такрорланаётгани айтиб ўтилган.
Юқоридаги мурожаат бўйича Учкўприк тумани ФВБ бошлиғи ўрганиш ишларини олиб борган. Унга кўра, мазкур ҳолат анча олдин — ёғингарчилик кунларида маҳалладаги ирригация тармоғи тиқилиб қолгани, тўпланган сувлар тўғрисидаги маълумотлар эскилиги ва ҳозирда бу ҳолат бартараф этилгани аниқланган.
«Ҳурматли фуқаролар. Юқоридаги каби ҳолатлар бўйича ўз вақтида, дарҳол вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 1050 ёки 101 қисқа рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Ўз вақтида хабар бериш содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш демакдир», дейилади муносабатда.
Аввалроқ Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасини 16 март куни кузатилаётган кучли ёғингарчилик оқибатида сув босгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда кучли ёғингарчилик сабаб кўчаларни сув босган.