МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг халқаро ижодий уюшмаси тузилади
Душанбеда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ва Грузия киностудиялари директорларининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кенгаши бўлиб ўтди. Кенгаш ишида МДҲ давлатлари ва Грузиянинг етакчи киностудиялари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, «Ўзбекфилм» киноконсерни, «Тожикфилм» давлат муассасаси, «Беларусфилм» миллий киностудияси, Шакен Айманов номидаги «Қозоқфилм» киностудияси, «Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Грузия-Фильм» студияси, Молдова Миллий кинематография маркази, «Мосфильм», «Ленфильм» ва «Туркманфильм» киноконсернлари, , «Лендок» студияси (Санкт-Петербург) ва бошқалар иштирок этишди.

Кенгаш аъзолари «МДҲ ва Грузия давлатлари киностудиялари халқаро ижодий уюшмаси» ишчи номи остида альянс тузишга қарор қилишди. Ташкил этилган ишчи гуруҳга ассоциациянинг низоми ва тузилмасини шакллантириш, ҳужжатларни белгиланган тартибда Уюшма таъсисчилари давлатларининг давлат органлари билан келишиш вазифаси юклатилди.
«Беларусфильм» киностудияси бош директори Владимир Карачевский Ўзбекистонни ҳамкорликнинг ижобий намунаси сифатида кўрсатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида Россия билан ҳамкорликда яратилган 4 та фильм тақдимотини ўтказади, «Беларусфильм» киностудияси билан 2 та («Узбечка», «Казбек»), Қозоғистон билан 3 та («Қўшнилар», « Эшелонлар Шарққа кетади», «Қўрқут ота»), Тожикистон билан 2 та фильм («Жомий ва Навоий» ва «Кўринмас юлдуз») суратга олиш бўйича шартномалар имзолаган. «Бу ҳамкорлик сифатини ошириш, ўзаро бозорларга чиқиш, кино ишлаб чиқаришда ижодий ва иқтисодий ресурсларни бирлаштиришга қаратилган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Биз Ўзбекистон билан биргаликда 1941-1943 йилларда Тошкентда яшаган, ўзбек шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия билан дўст бўлган афсонавий Якуба Колоснинг 140 йиллигига бағишланган янги картина яратишни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, биз бу ҳамкорлик тизимли ва мунтазам кўринишга эга бўлиши кераклигини тушунамиз. Бунинг учун янги механизмлар талаб этилади, шунинг учун ҳам биз кино ҳамжамиятини яратмоқдамиз ва Ўзбекистон тажрибасини асос қилиб олган ҳолда ҳамкорлик моделининг ушбу вариантини бир овоздан қабул қилдик», — дея таъкидлади «Беларусфильм» киностудияси бош директори.
«Тожикфильм» бош директори Маҳмадсаид Шоҳиёнинг таъкидлашича, янги тузилма фақатгина ижодий ва ишлаб чиқариш йўналишига эга бўлади. «Биз сиёсий ташкилот эмасмиз ва сиёсий ғояларни илгари сурмаймиз. Мамлакатларимиз кино саноатини ривожлантириш ва кинобозорларни ривожлантириш воситаси сифатида бирлашиш биз учун муҳим, бу миллий кино мактаблари ва умуман кино саноати ривожланиши учун янги туртки бўлади».
– Бугун биз республикалар киностудиялари ўртасида бир вақтлар мавжуд бўлган алоқаларни тиклашимиз, ҳамкорлик қилишимиз, кино ишлаб чиқариш учун умумий мавзуларни топишимиз керак. Мен бу келишувни олқишлайман ва кафолат бераманки, биз ҳам ўз навбатида ҳамкорликда ишлаш ва тажриба алмашиш учун янги имкониятларни топамиз, – деди «Мосфильм» киноконсерни бош директори Карен Шахназаров ўз видеомурожаатида.
Ташкилот аъзолари МДҲ давлатлари ва Грузия фильмларининг ягона олтин тўпламини яратиш, уни жаҳон тилларига дубляж қилиш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, альянс иштирокчи-давлатлари киностудияларининг энг сара намуналарини жаҳон кино маконида кенг тарғиб қилиш ва тарқатиш масалалари муҳокама қилинди.