Бугун оқшоми. Пенсия пулларини қиморга тиккан банкир, тунда ишлатилган шифокорлар, Украинада мажбуран ишлаган ўзбекистонлик ҳайдовчилар
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Қашқадарёда тиббиёт ходимлари тунда тозалаш ишларига жалб қилинди. Бунга йўл қўйган реанимация бўлими бошлиғи жаримага тортилди.
Қашқадарё вилояти Қарши туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари тунда мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Унга кўра, Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими бошлиғи ходимларини атрофни тозалаш ишларига мажбур қилгани аниқланган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосан жаримага тортилган.
Солиқ соҳасидаги ўзгаришлар: 13 та Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ва қатор бўлим бошлиқлари ишдан бўшатилди.
Давлат солиқ қўмитасининг навбатдаги Ҳайъат мажлиси ўтказилди. Унда 13 та туман ва шаҳардаги Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан бўшатилди. Улар: Андижон, Олот, Зомин, Пахтакор, Фориш, Учқўрғон, Қўшработ, Ургут, Жарқўрғон, Термиз, Сирдарё, Гулистон туманлари ҳамда Янгиер шаҳар ДСИ бошлиқлари.

Шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун Асака, Чироқчи, Мингбулоқ, Ургут, Мирзаобод, Сардоба, Бағдод, Қумқўрғон туманлари ҳамда Қувасой ва Жиззах шаҳар ДСИ бўлим бошлиқлари лавозимидан озод этилган.
Ўз ўрнида, юқори натижаларга эришган Давлат солиқ бошқармалари ва 64 та солиқ инспекциялари жамоасини моддий рағбатлантиришга қарор қилинган.
Fitch Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 3,1 фоизга ўсишини прогноз қилди. Бу агентликнинг олдинги прогнозидан 2,4 фоизга кам.
Fitch халқаро рейтинг агентлигининг янгиланган прогнозига кўра, 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати 3,1 фоизни ташкил қилади.

Бу прогноз пул ўтказмалари камайиши туфайли уй хўжаликлари истеъмолининг камайиши, инвестиция лойиҳаларининг кечикиши, ташқи қарз жалб қилиш шартларининг қатъийлашиши, валютанинг кўпроқ қадрсизланиши ва юқорироқ инфляция кутилмалари билан изоҳланган.
Таъкидланишича, миллий валюта курсининг пасайиши, юқорироқ инфляция кутилмалари ва озиқ-овқат нархлари сабабли 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 12,7 фоизни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, агентликнинг 2021 йилнинг 8 октябрдаги ҳисоботида 2022-2023 йилларда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўртача 5,5 фоизга ўсиши прогноз қилинганди.
Сурхондарёда «Халқ банки» кассири 278 кишининг пенсия пулини онлайн казинога тикиб юборди.
Сурхондарё вилояти Узун туманида фуқароларнинг пенсия ва нафақа пулларини онлайн қимор ўйинларига ишлатиб ўзлаштирган банк кассири ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Узун туман бўлими томонидан «Халқ банки» филиалининг 2-сон сайёр кассаси кассири А.А. ушланган. Текширув банкнинг мурожаатига асосан ўтказилган.
У 2022 йил февраль–март ойларида ўзига бириктирилган ҳудудда 278 нафар фуқарога нақд пул кўринишида чиқарилган жами 121,1 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини уларнинг номидан сохта имзолар қўйиш орқали ўзлаштиргани аниқланган. Ушбу пулларни интернет тармоғидаги онлайн казино ўйинларига ишлатиб, талон-торож қилган. Текширув давомида департамент аралашуви билан 117 миллион сўм қайтарилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов пенсияларни «тикиб юборган» ходим ва пенционерларнинг ҳолати ҳақида карикатура чизди.

Украинада ўзбекистонлик ҳайдовчилар мажбурий ишлатилди. Улар Ватанга қайтарилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари бўлган ҳайдовчилардан Украина ҳудудида мажбурий фойдаланилганига оид маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов ҳолат юзасидан маълумот берди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан ушбу ватандошларни ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудлардан эвакуация қилиш масаласи муваффақиятли ишлаб чиқилган, уларга ҳар томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.
«Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтмоқда», дейилади хабарда.
Хўш, оламда нима гап?
Украина: Зеленский Россиянинг Донбасс ва Қрим бўйича келишувларига кўнмоқчи эмас, президент Хитойни Украина тарафига ўтишини хоҳламоқда. Тайван урушдаги Украина тактикасини ўрганмоқда.
Украина Россиянинг Қрим ва Донбасс бўйича талабларини қабул қилмайди, чунки бу сиёсий жиҳатдан «ўз жонига қасд қилиш» бўлади. Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица Россия Украинадаги тинч аҳоли нишонларига ҳужум қилишда давом этаётгани, рус қўшинлари тарк этиш ўрнига фаоллашаётганини қайд этган. «Россия муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилмоқчи эмас», — дейди дипломат. У Россия халқаро ҳамжамият ишончини йўқотгани айтган.

Украина президенти Владимир Зеленский Хитойни Украина томонида кўриш истагини билдирди. Унга кўра, Хитойнинг қайси давлат томонидан бўлиши бу унинг танлови саналади. «Хитой бизнинг томонда бўлишини истардим. Аммо танлов уларники», — деган у.

Ўз ўрнида, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Европа департаменти директори Ван Лутун Украинадаги вазият Хитойнинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларига таъсир қилиши мумкин эмаслигини билдирган.
Тайван Мудофаа вазирлиги Украинадаги ҳарбий тактикани ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузди. Унга Миллий мудофаа университети олимлари киритилган.

Тайван разведкаси раҳбари Чен Мингтонга кўра, Хитой яқин уч йил ичида Тайванни босиб олиш учун ҳарбий операцияни бошлашга журъат эта олмайди. Жумладан, Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар Хитойга «ўзи учун сабоқ олиш» ва Тайван масаласида эҳтиёткорона позицияда бўлишни талаб қилади.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.