Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақоми берилди
«Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берилди.

Ҳужжат билан Самарқанд давлат тиббиёт институти Самарқанд давлат тиббиёт университети этиб қайта ташкил этилди. Университет таркибида қуйидагилар фаолият юритади:
- Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти;
- университетнинг кўп тармоқли клиникаси ва ихтисослашган болалар хирургик клиникаси;
- Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси;
- Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази;
- Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази.
Қайд этилишича, университет битирувчи талабалари учун поликлиникалар ва клиник базаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатурани жорий этиш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ Президент қарори билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.