12:20 | 02.04.22 75

Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан 6 кишига айблов эълон қилинди

Улар мансабга совуққонлик билан қарашда айбланган

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган 5-сонли боғчада тарбияланувчилар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 6 кишига нисбатан айблов эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Оққўрғон туманидаги 5-сонли МТТ тарбияланувчилари заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши (Жиноят кодексининг 2571-моддаси — Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) бўйича тергов ҳаракаталари олиб борилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича 6 нафар шахсга нисбатан (Жиноят кодексининг 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 2571-моддалари) айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан тегишли эҳтиёт чоралари қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, 2021 йил 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанган, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир баҳоланган. Қолган 19 нафар тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир деб ташхис қўйилган. Касалхонага ётқизилган болалардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.

Эпидемиологияга қарши тадбирларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ва эпидемиологлар гуруҳи юборилган. Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб, касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра ботулизм ташхисига гумон қилинган. Шу билан бирга, якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилиши айтилган. Даволаниш давомида 21 нафар тарбияланувчининг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилгани айтилган.

Хабар қилинишича, тарбияланувчи Б.М. 2 августгдан 7 августга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари томонидан шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония, юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шиши ташхиси қўйилиб, даволаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, болада пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни биологик ўлим қайд этилган.

Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берган. Қайд этилишича, ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида «Ўзстандарт» агентлиги ва вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги маркази ходимлари мутахассис сифатида ишга жалб этилиб, улар иштирокида мазкур МТМда мавжуд бўлган барча турдаги озиқ-овқатлар (пишлоқ, тухум, томат, сут ва сут маҳсулотлари, консерваланган мевали мураббо ва бошқалар)дан намуналар олинган.

Тергов давомида судга оид тиббий, кимёвий ва бошқа бир қатор экспертизалар тайинланган. Шу билан бирга, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказига судга оид комплекс экспертизалар тайинланган. Экспертизалар лаборатория шароитида ўрганилиши ва чуқур тадқиқот талаб этиши сабабли ҳозирда экспертлар томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Таъкидланишича, тергов бошқармаси томонидан бугунги кунга қадар заҳарланиш ташхиси қўйилган болалар ва уларнинг ота-оналари, таълим муассасасининг барча ходимлари — жами 100 дан ортиқ шахслар жиноят иши юзасидан батафсил сўроқ қилинган. Тергов республика бош прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган.

Шу билан бирга, терговга жалб қилинганларнинг дахлсизлик ҳуқуқларини таъминлаш ва тергов иши давомида ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа маълумотлар ошкор қилинмайди. Тайинланган экспертизаларнинг якуний хулосалари ва жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатларга асосан қонуний қарор қабул қилинади ва оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча маълумот берилиши айтилган.