Хоразмда реклама мониторида беҳаё видео намойиш қилган эркак судланди
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги реклама мониторида беҳаё видео қўйилишига сабаб бўлган эркак 2 апрель куни судланди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан 1978 йилда туғилган И.И.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган. У хусусий корхонада ҳайдовчи лавозимида ишлаб, қўшимача равишда корхонага тегишли мониторларга реклама жойлаш вазифасини бажариб келган.
31 март куни И.И. Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий ва Хонқа кўчаси чорраҳасида ўрнатилган реклама мониторига 20 тадан ортиқ видеоматериални жойлаган ва мониторда порнографик мазмундаги видео намойиш этилишига сабабчи бўлган.
Суд ҳуқуқбузарнинг кўрсатмаси, ишга доир ҳужжатларни ўрганиб қарор қилди. Унга кўра И.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13 миллион 500 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди. Видеоматериалларни мониторга жойлашда фойдаланилган телефон ва симсиз интернет тармоғига уланиш аппарати давлат фойдасига мусодара қилинди.
Аввалроқ Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берганди. Кейинчалик воқеа сабабчиси узр сўраб чиққан.