Наманганда 3 нафар эгизак туғилди
Наманган вилоятидаги шаҳар туғруқ комплексида уч эгизак туғилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, ўғил болаларни дунёга келтирган аёл Косонсой туманидаги Чиндовул маҳалласида истиқомат қилувчи 27 ёшли Муҳайё Муродуллаевадир.
«Бу туғруқдан аввал 27 ёшли аёлнинг фарзанди 2 нафар эди, уларнинг сони 5 нафарга етди», дейилади хабарда.
Наманган шаҳар туғруқ комплексининг бош шифокори Дилбар Ибрагимованинг айтишича, чақалоқларнинг биринчи ва иккинчиси 2400 грамм, кенжатойи эса 2000 грамм вазнда туғилган бўлиб, уларнинг саломатлиги ҳозирда барқарор ва тетик. Чақалоқларга Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Али, Муҳаммад Юсуф деб исм қўйилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри перинатал марказида 3 ноябрь куни уч эгизак фарзанд дунёга келганди. Шунингдек, Намангандаги оилалардан бирида 3 эгизак қиз туғилгани ва Фарғонада 4 нафар эгизак дунёга келгани маълум қилинган.