Қирғизистонда Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб фойдаланишга топширилди — фото
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, Маргун қишлоғидаги 330 ўринли умумий ўрта таълим мактаби қурилишига 2021 йилнинг июль ойида старт берилганди. Ўзбекистонлик қурувчилар замонавий мактабни қисқа фурсатда қуриб, жиҳозлаб берган. Таълим муассасидаги барча синф хоналари қулай парталар ва сўнгги русумдаги компьютер хоналари билан таъминланган. Шунингдек, мактабнинг ошхонаси, спорт ва фаоллар заллари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланган.


Мазкур мактабнинг очилиш маросимида онлайн видеоконференция тартибида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акыл Жапаров қатнашган. Унда ҳамкорликдаги бундай тадбирлар икки қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида таъкидлаб, ўзаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Янги мактабнинг очилишида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмаз Бейшеналиев ҳам қатнашиб, ҳукуматлар раҳбарлари розилиги билан мактабнинг рамзий тасмасини қирққан. Тадбир якунида мактаб ўқувчилари ўзлари томондан тайёрланган концерт дастурларини намойиш этган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида Ғофур Раҳимов маблағлари асосида янги мактаб қурилгани ҳақида хабар берилганди.