Андижонда ўқитувчи ўқувчи қизни калтаклагани бўйича қўшимча маълумот берилди
Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи ўқувчи қизни калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Туман ҳокимлиги «Bugun.uz»га ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Таъкидланишича, 5 апрель куни ижтимоий тармоқларда Асака тумани 38-умумтаълим мактаби тўғрисида тарқалган видеотасвирлар юзасидан ҳокимлик ҳамда туман халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилган.
Тарқалган видеотасвирлардаги ҳолат 2 апрель куни дарс тугаши пайтида 10-«А» синфида содир бўлган, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келган. Бунга ўқувчиларнинг ҳеч қандай сабабларсиз кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб бўлган.


Ушбу ҳолатдан сўнг ўрганиш давомида туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи ҳамда мактаб маъмурияти билан биргаликда ҳолатга ойдинлик киритилиб, ўқитувчи Р.Д. ва ўқувчилар И.С., М.М., Ш.З., Б.Ў. муросага келтирилган. Айни пайтда улар ўртасида ҳеч қандай адоват мавжуд эмас. Ўқитувчи ишчи гуруҳ томонидан ҳам одоб-ахлоқ нормаларига қатъий риоя қилиши тўғрисида жиддий огоҳлантирилган. Келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик, ҳар қандай масалани вазминлик билан ҳал этилиши тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган.

«Ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳам субҳат олиб борилиб, фарзандларининг доимий дарс жараёнларига қатнашишини назорат қилишлари тўғрисидан тушунчалар берилди», дейилган хабарда.
Аввалроқ Наманганда ўқитувчи 1-синф ўқувчиларини бажармаган уй вазифаси учун изза қилдирган эди. Шунингдек, Андижонда ўқитувчиларнинг узр сўрагани ортидан «замҳоким» ишдан олингани хабар қилинган.