Ўзбекистонда 2021 йилдаги ЙТҲларда салкам 2,5 минг одам ҳалок бўлди
Бу кўрсаткич ЙТҲга учраганларнинг 21 фоизига тенг
Ўзбекистонда 2021 йил давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 2 минг 436 нафар одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида хабар берилди.

Қайд этилишича, мазкур йил давомида 10 001 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларда 9 минг 230 нафар фуқаро жароҳатланиб, 2436 нафари ҳалок бўлган. Яъни ўлим кўрсаткичи 21 фоиз бўлган.
Таъкидланишича, 2019 йилда 8092 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларда 9990 нафар одам жароҳатланиб, шундан 2067 нафари ҳалок бўлган ва ўлим кўрсаткичи 20,7 фоизни ташкил этган. 2020 йилда эса 6982 та йўл-транспорт ҳодисасида 8553 нафар одам жароҳатланиб, 1962 нафари ҳалок бўлган. Ўлим кўрсаткичи 23 фоиз бўлган.
Аввалроқ ЙТҲ оқибатидаги ўлим даражаси маълумотларида фарқ борлиги айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ЙТҲларнинг катта қисми «Damas»лар иштирокида содир бўлаётгани хабар қилинганди.