Президент мактабларда давлатдан маош оладиган 15 мингга яқин маънавиятчи борлигини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев таълим соҳасига оид йиғилишда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин ошириш мумкинлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Келтирилишича, 2021 йилда халқаро сертификатни олган чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими жорий қилингани натижасида Навоий, Наманган ва Сурхондарёда малакали ўқитувчилар сезиларли даражада ошган. Мутасаддиларга бу тажрибани янги ўқув йилидан бошлаб математика, кимё, физика, биология ва ахборот технологиялари фанларига ҳам жорий этиш топширилди.
«Мактабларда давлатдан маош оладиган 15 мингга яқин маънавиятчилар бор. Лекин ўқувчиларнинг тарбияси, Ватанга муҳаббат ёки ота-онага ҳурмат руҳини шакллантиришда, айтингчи, қайси туман мактаби намуна бўлди? Ҳали бундай мактаблар йўқ. Қани мактаб сиёсати?» — дея савол қўйган давлат раҳбари.
Шу муносабат билан бир ой муддатда «қизил» тоифага кирган 1526 та мактабни жойида ўрганиб, ҳар бири бўйича алоҳида йўл хариталарини тасдиқлаш вазифаси қўйилган.
Таъкидланишича, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича мутлақо янги концепция ишлаб чиқилади. Унда:
- энг аввало, ўқувчиларда ёшлигидан ўзининг маҳалласи ва қишлоғи ҳаётига бефарқ бўлмаслик ҳамда Ватанга муҳаббат;
- оила, ота-она ва устозларга ҳурмат;
- илм ва билим, ҳаракат ва интилиш орқали катта марраларни эгаллаш мумкинлигини тушунтириш ҳамда замонамиз қаҳрамонларининг босиб ўтган йўлларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилиши керак.
Мактаблардаги маънавиятчиларга талабларни қайта кўриб чиқиб, бу лавозимга маҳалла ва жамоада обрўси бор кадрлар билан тўлдириш кераклиги, мактабларда илм ва санъат вакиллари, зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари билан доимий учрашувларни ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Бунга ижтимоий тармоқлардаги мактаб ўқувчилари орасида обуначиси энг кўп бўлган машҳур санъаткор, спортчи, актёр, блогерларни ҳам фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Аввалроқ Президент мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаётганини танқид қилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг таълим сифати паст ҳудудлари маълум қилинган.