Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида отишма содир бўлди
Ўзбек–қирғиз чегарасида 5 апрель куни ноқонуний юк олиб ўтаётган икки нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Kabar.kg» Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Маълум бўлишича, Қирғизистон–Ўзбекистон давлат чегараси участкасида қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса рўй берган. Жалолобод вилояти Ақси тумани Дейрес қишлоғида Қирғизистоннинг бир неча фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда отда юк олиб ўтмоқчи бўлган.
Улар Ўзбекистон ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 500 метр узоқликда Давлат хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан аниқланган. Контрабандачилар ўзбек чегарачиларининг тўхташ ҳақидаги талабларига бўйсунмаган.
«Уларни ҳибсга олиш вақтида жанжал келиб чиқди. Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида қурол ишлатган. Оқибатда икки фуқаро ҳалок бўлган. Қолган жиноятчилар Қирғизистон ҳудудига қочишга муваффақ бўлган», — дейилади манбада.
Қайд этилишича, қирғизистонликлар қиймати 20 минг доллардан ортиқ бўлган контрабанда юкини олиб ўтмоқчи бўлган. Кейинчалик ҳалок бўлган фуқаролар Ўзбекистондан бўлгани, бироқ 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олгани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Ўзбекистон паспортини ўзлари билан олиб юрган.
Ҳодиса ҳолатларини ўрганиш учун воқеа жойига борган Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Чегара вакиллари воқеа юзасидан ҳар бир томон ўз текширувини ўтказишига келишиб олган.
Аввалроқ Қирғиз–тожик чегарасида отишма содир бўлгани ҳамда унда бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.