Ўзбекистонда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси лавозими жорий этилди
Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси такомиллаштирилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.

Хусусан, бош вазирнинг маслаҳатчиси — Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозими тугатилган.
Унинг ўрнига бош вазирнинг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси лавозими киритилган.

Қайд этилишича, ушбу лавозимга Бобир Исламов тасдиқланган ва шу муносабат билан у Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши маълум қилинганди.