Зангиотада маҳаллабай ишлаш бўйича ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
Унга 15,5 минг долларни олишда собиқ кадастр ходими шерик бўлган
Тошкент вилояти Зангиота туманида тадбиркорнинг 15 500 долларини қўлга киритган ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктиргани аниқланган.
Улар хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, Мевазор МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 долларни қўлга киритгани маълум бўлган. Яна 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда судья 2,5 минг доллар пора билан ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда пора билан ушланган ҳокимлик ходими ёнидан гиёҳванд модда топилган.