Комил Алламжонов журналистни судга берди — видео
Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси бунинг сабабини тушунтирди
Комил Алламжонов Ўзбекистонга 4,2 миллион долларлик тилла тақинчоқларни ноқонуний олиб киришда шерикликда айбланди. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, Uzmetronom.com сайтида Олмос бола номли мақола эълон қилинган. Унда Алламжонов 4,2 миллион долларлик заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришда шерикликда айбланган.
«Ёдингизда бўлса, 21 февраль куни Сергей Ежков ўзининг сайтида ‘Олмос бола’ деган туҳматли мақола эълон қилиб, унда мени 4 миллион 200 минг АҚШ доллари қийматидаги заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришга шерикликда айблаган эди. Яьни, Жиноят кодексининг 182-моддаси «Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш»да назарда тутилган оғир жиноят содир этганликда.
Албатта, мен Сергей Ежковни шахсан билмайман. Одамларнинг айтишича, 2016 йилгача бу сайт маълум бир махсус хизматларнинг айрим шахсларни қоралаш бўйича буйруқларини бажарган. Мен аниқ билмайман», — дейди у
Шунингдек, Алламжонов мазкур айблов юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани ҳамда ҳолат юзасидан суд қарор чиқариши кераклигини айтган.
«У буюртма асосида иш қилганини тушуниб, адвокатларим билан маслаҳатлашдим, агар муаллиф менинг ушбу жиноятга алоқадорлигимни исботламаса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаш билан бирлаштирилган).
Тўғри эканлигимга тўлиқ амин бўлиб, Сергей Ежковга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли ариза билан мурожаат қилдим. У энди ўз сўзлари учун қонун доирасида жавоб бериши керак. Бизни қонун ва суд ҳукм қилсин, мен тўлиқ очиқман, тергов ва судга масаланинг моҳияти бўйича барча маълумотларни тақдим этишга тайёрман», — дея постини якунлаган васийлик кенгаши раиси.
Аввалроқ Комил Алламжонов Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирганди.