«Мансабдорлар ҳалол ишлашга мажбур бўлади» — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Қаҳрамон Ниёзхўжаев Ўзбекистон коррупцияни енгишда нега айнан превентив чораларга кўп урғу бераётганини тушунтирди. Бу ҳақда у «Bugun.uz» мухбирига маълум қилди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат хизматчилари орасида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва коррупция омилини тўлиқ бартараф этиш мақсадида тизимли превентив чоралар, яъни давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этишга қаратилган ўқув-методик қўлланмаларнинг яратилишига кўпроқ эътибор қаратилади.

Таъкидланишича, агентлик томонидан амалга ошириладиган мақсад ва вазифалар белгиланган бўлиб, унда давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий одоб-ахлоқни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Коррупцияга қарши превентив чоралар қанчалик самарали, деган саволга жавоб берар экан, Ниёзхўжаев халқаро тажрибада коррупцион жиноят ёки коррупцион ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни жазолаш бу тўлиқ маънода коррупцияга қарши кураш чораси эмаслигини эслатиб ўтди.

«Коррупцияга қўл урган давлат хизматчиси ўрнига келадиган бошқа шахс худди шу ҳуқуқбузарликни содир этмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шундай экан, биз нима иш қилишимиз керак? Коррупцион хатарлар юқори бўлган соҳаларни аниқлаб олиб, коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, ўша йўналишларни рақамлаштириш, бюрократик тўсиқлар бўладиган бўлса, ўша тизимни коррупциядан холи қилиш устида ишлашимиз керак. Коррупцияга қарши ишловчи механизм бўлгандагина ким келса ҳам ўша мансабга, у коррупция содир қилолмайди. Давлат хизматчиси ҳалол ишлашга ўзини ё маънан тайёрлайди, ёки бўлмаса бу тизимдан батамом чиқиб кетади», — дея хулоса қилган Ниёзхўжаев.

Шунингдек, эндиликда давлат фуқаролик хизматчисини ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб коррупцияга қарши ўқитиш тизимини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилиши маълум қилинган. Яқин истиқболда эса, давлат хизматчиларини ўқитишга мўлжалланган виртуал академия ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Унинг айтишича, коррупция учун энг қаттиқ жазо — ўлим жазоси қўлланиладиган Хитойда ҳам ҳар йили барибир бир неча юзлаб коррупция содир қилган шахслар жавобгарликка тортилади.

«Шундай экан, инсоният бор экан, коррупция бўлади, яшайверади, коррупцияни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, деган фикрлар янграб қолади. Мени фикримча, давлатда энг аввало коррупцияга қарши курашишда ирода бўлса, унга нисбатан механизмларни жорий қилиш орқали бу иллатни кескин пасайтира оламиз ва халқаро рейтингларда бунинг натижасини кўряпмиз», —дея ўз сўзига якун ясаган Ниёзхўжаев.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот берганди. «Ҳали-ҳануз вазирлик ва идора вакиллари қонунчиликка риоя қилмаган ҳолда давлат харидларини амалга оширяпти. Биргина 2021 йилнинг ўзида агентлигимиз ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 54 та вазирлик, идора ва ташкилотда ўрганиш ўтказган. Хусусан, 6631 та ҳолатда 567,1 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар: ‘Давлат харидлари тўғрисида’ги, ‘Рақобат тўғрисида¦ги ва бошқа қонунларнинг бузилиши аниқланган.

Одамлардан яратилган улкан минора, итларга сув сепаётган роҳиб, Париждаги мода ҳафталиги — бугун суратлари
Жаҳон23:54 | 3.10.22
Одамлардан яратилган улкан минора, итларга сув сепаётган роҳиб, Париждаги мода ҳафталиги — бугун суратлари
Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Жамият23:27 | 3.10.22
Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Жиззахда 14 та пахта ортилган тиркама билан ҳаракатланган трактор ҳайдовчиси жаримага тортилган
Жамият23:06 | 3.10.22
Жиззахда 14 та пахта ортилган тиркама билан ҳаракатланган трактор ҳайдовчиси жаримага тортилган
Тошкентда туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти пора билан ушланди
Жамият22:33 | 3.10.22
Тошкентда туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти пора билан ушланди
Ўзбекистонда аёллар тазйиқ ва зўравонликнинг қайси кўринишларига кўпроқ дуч келиши маълум бўлди
Жамият22:02 | 3.10.22
Ўзбекистонда аёллар тазйиқ ва зўравонликнинг қайси кўринишларига кўпроқ дуч келиши маълум бўлди
Сурхондарёда ўрмон ерлари сотилаётгани юзасидан баёнот берилди
Жамият21:31 | 3.10.22
Сурхондарёда ўрмон ерлари сотилаётгани юзасидан баёнот берилди