Наманганда мусиқани баланд овозда эшитгани учун аёлни жароҳатлаган фуқаро ушланди
Наманган вилояти Наманган шаҳрида 16 март куни мусиқани баланд овозда эшитгани учун аёлни жароҳатлаган фуқаро ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 21:00 да Давлатобод тумани «Янги тонг» МФЙда яшовчи 1955 йилда туғилган фуқаро яшаш хонадонида қўшниси билан ўзаро жанжаллашган. Воқеага қўшни аёлнинг ўз уйида мусиқани баланд овозда эшитгани сабаб бўлган. Оқибатда 1972 йилда туғилган аёлга тан жароҳати етказилган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Давлатобод туман Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 2 августдан 3 августга ўтар кечаси 23 ёшли аёлнинг изидан пойлаб юриб, лифтда унга «лезвие» билан тажовуз қилган шахс ушланганди. Шунингдек, Тошкентда аёл кундошининг юзини бир неча марта «лезвие» билан кесгани, Сурхондарёда эркак таниш аёлга тан жароҳати етказгани ва Жиззахда 25 ёшли йигит қўшнисининг ётоқхонасига кириб, аёлга таҳдид қилгани хабар қилинган.