10:45 | 07.04.22 195

Тошкент ҳокимлиги 15 кунлик фирмага 1 млрд сўмлик буюртма берди

Маблағ қандай мақсадда сарфланиши тўғрисида маълумот йўқ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 15 кунлик фирма билан 1 миллиард сўмлик шартнома имзолади. Бу ҳақда Telegram’даги «davletovuz» канали маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, пойтахт ҳокимлиги 2022 йилнинг 28 февраль куни ташкил этилган «Profi Event» МЧЖ билан 15 март куни 1 000 000 000 сўмлик тўғридан-тўғри шартнома имзолаган. Бу компания муассислари «Autograph Event» МЧЖга ҳам эгалик қилади.

Фото: Telegram/ @davletovuz

Қайд этилишича, давлат харидлари порталида ушбу харидни батафсил ўрганишнинг иложи бўлмаган.

«Афсуски, тахминан нима харажатлигини тушунсангизда, давлат харидлари порталидаги ‘сўнгги янгиланиш’лар сабабли бу харажатни батафсил ўрганиш, керак бўлса, суриштириш имкони йўқ. Чунки бу хариднинг на шартномаси, на ҳисоб-фактураси, на бошқа ҳужжатлари келтирилган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида манфаатлар тўқнашуви аниқланган 7 та шартнома бекор қилинганди. Шунингдек, вақтинчалик сақловга берилган омборларда 7,5 миллиард сўмлик камомад аниқланган.